Капитан Элбек Ризқулов 1992-йили Боёвут туманида таваллуд топган. Унинг жисмонан ва ақлан етуклигига кўпчилик ҳавас қиларди. Жўраларнинг ўзаро гурунги ва давраларида алоҳида ўрни бор эди. Ўзаро тортишувларга тез ва оқилона нуқта қўя олар, унинг хулосасидан ҳеч кимнинг дилида гина қолмасди.
Элбекнинг бу табиати Гулистон давлат университетида ўқиб юрган кезларида ҳам ўзгармади.
У ҳеч қачон ўзини ўйламас, доим кўпчиликнинг манфаатини ҳисобга оларди. Ушбу хислат мустаҳкамланиб, фазилатга, ҳаётий тамойилга айланди.
Э.Ризқулов 2016-йилда Сирдарё тумани Бахт шаҳридаги Тинчлик маҳалласига профилактика инспектори вазифасига хизматга қабул қилинди. Дастлабки кунларда бироз қийналди. Нотаниш одамлар, нотаниш муҳит. Лекин олти ой ўтмай, ҳаммаси ўз изига тушди. Маҳаллани қаричлаб кезиб чиққани, ҳар бир уй, хонадон билан танишгани қўл келди. Уйқусиз кечалар, жиноятга мойил шахсларнинг ортидан юришлар ўз самарасини бермай қолмади. Кейинги йилга ўтиб, маҳаллада безориларнинг дасти кесилди. Қувонарлиси, маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмади.
Турмуш ўртоғи Рўзигул Ризқулова Гулистондаги педагогика коллежини тугатгач, шу ернинг ўзидаги олийгоҳнинг физика-математика факулътетига ўқишга кирди.
Рўзигулга оилавий ҳаётдаги машаққатларни енгишда турмуш ўртоғига кўмаклашди. Бир қанча вақт ўтгач, Бахт шаҳарчасига кўчиб ўтишди. Шу ердаги умумтаълим мактабига ишга жойлашди.
Кутилмаганда Сирдарё тумани Ички ишлар бўлимидан тушган таклиф ҳаётини ўзгартириб юборди. 2021 йилда Рўзигул Ризқулова туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори вазифасига қабул қилинди. Дастлаб ўғлининг тарбиясига, уй-рўзғор ишларига улгурармиканман, деб қўрқди. Лекин ҳаммасига улгура бошлади. Ҳаёти қизғин кечар, куни билан нотинч оилалар, мактабдаги қизлар клублари билан шуғулланар, шом пайти фарзандини боғчадан оларди.
Рўзигул Ризқулова оилавий ажримлар муҳокамаси учун судга борганида ўзини жуда ўнғайсиз ҳис қилади. Оилага бўлган масъулияцизлик уни қийнайди. Ўзаро ҳурмат, эҳтиром асосига қурилмаган оилаларнинг дарз кетиши, фарзандларнинг сарсон бўлишига муросасиз муносабатда бўлади. Баъзан ҳайқириб, эй одамлар кўзингизни очинг, адашманг, фарзандларингиз ота ёки она меҳрисиз улғайишига йўл қўйманг, дея хитоб қилгиси келади. Шундай қилди ҳам. Ҳар чоршанба ўтказиладиган оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш куни тадбирларида бу масалани кўтаришдан асло чарчамади. Натижада туманда оилавий ажримлар, нотинч оилалар сони кескин камайди. Бундай ютуқлар нафақат Рўзигулни, балки турмуш ўртоғини ҳам қувонтиради.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
«Постда» мухбири.
Сирдарё вилояти.
