Маҳалладаги 1300 та хонадонда 3540 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг турмуш тарзига назар соларкансиз, соғлом муҳит ва қўни-қўшничилик муносабатлари яхши шаклланганига амин бўласиз.
— Маҳалламизда охирги бор икки марта йўл-транспорт ҳодисаси ва битта жиноят содир этилган эди, — дейди маҳалла профилактика инспектори, катта лейтенант Бобуржон Ҳасанов. — Улар ҳам шаҳримизга ташриф буюрган меҳмонлар томонидан содир этилган. Ҳудудда шу каби ҳолатларнинг такрорланмаслиги, маҳаллани намунали манзиллардан бирига айлантириш учун, энг аввало, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Зеро, барча иллатлар, номақбул ишлар бекорчиликдан келиб чиқади. Йилнинг ўтган даври мобайнида
100 нафардан зиёд фуқароларни доимий иш жойи билан таъминладик.
Жиноятчиликдан холи ҳудуд, дегани профилактика инспекторининг иши оз, дегани эмас экан. У билан суҳбатимиз давомида ҳам ўнга яқин фуқароларни қабул қилишига тўғри келди.
— Бир кунда ўртача
30 нафар фуқаро мурожаат қилади, – дейди мақоламиз қаҳрамони. – Мурожаатларнинг аксарияти ҳуқуқий масалалар оид бўлиб, бу маҳалламизда фуқароларнинг ҳуқуқий билимини янада ошириш, амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатлари билан таништириш муҳимлигини англатади. Шу боис ижтимоий тармоқларда саҳифалар, гуруҳлар очганман. Уларда маҳалладошлар ўзларини қийнаётган муаммолар ва саволлари билан мурожаат қилишади.
Катта лейтенант Бобуржон Ҳасанов аввал Хонобод шаҳрининг «Фозилмон» маҳалласида хизмат қилган. У ерда асосан туб аҳоли истиқомат қилар, шароит ҳам осонроқ эди. «Янги ҳаёт»да эса меҳмонлар оқими кўплиги, аҳолининг турфа тоифалардан иборатлиги сабаб назорат қийинроқ. Шунинг учун профилактика инспектори маҳалладаги жамоатчилик вакилларидан назоратчилар танлаб олган. Улар билан ҳамкорликда ҳар бир кўча, ҳар бир хонадоннинг тинчлиги таъминланмоқда.
– Тўғри, унинг бир ўзига осон эмас, – дейди фуқаро Шерзодбек Аҳмаджонов. – Шунинг учун маҳаллада обрў-эътибор қозонган, сўзи ўтадиган инсонлар иштирокида жамоатчилик назорати гуруҳлари ташкил этилган. Улар билан бирга ҳар бир кўчада назорат ишларини олиб борамиз. Қайси хонадонда муаммо ёки ёрдам керак бўлса, профилактика инспекторига етказамиз.
Бир сўз билан айтганда, маҳалланинг тинчлиги ва осойишталиги, аҳолидаги бирдамлик профилактика инспектори ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги натижасида таъминланмоқда. Шу боис бугунги кунга келиб «Янги ҳаёт» маҳалласи, ҳақиқатан ҳам, ўз номи каби янги руҳ, янги ҳаёт бағишлайдиган, жиноятчиликдан холи ҳудуд сифатида юртдошларимизга намуна бўлмоқда.
Саминжон ҲУСАНЗОДА,
ўз мухбиримиз.
Андижон вилояти.
