Кун қаҳрамони
Лейтенант Музаффар Музаффаров 1998 йилнинг 1 октябрида Шофиркон тумани “Гулистон” маҳалласида таваллуд топган. Бухоро давлат университетини тамомлагач, 2023 йили Вобкент тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори лавозимида хизмат фаолиятини бошлаган. У хизмат ўтаётган “Тераклик” маҳалла фуқаролар йиғини “яшил” тоифада, аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланади.
Жорий йилнинг 3 апрел куни хизмат ҳудудини айланиб юрган Музаффар аёл кишининг бақир-чақирини эшитиб, зудлик билан товуш келган томон югуради. Борса, йигирмага яқин фуқаро тўпланган, аёл эса 4–5 яшар болани қўлидан қўймай “ёрдам беринглар”дан нарига ўтмаётганди.
– Набирамнинг иситмаси кўтарилгани боис поликлиникага олиб келгандим. Шифокорлар муолажа қилишиб, иситмасини туширишди. Хурсанд бўлганим учун набирам билан кабобхўрлик қилмоқчи эдим. Ҳали ошхонага кирмасдан, набирамнинг яна тоби қочиб қолди, – дейди О. Болтаева йиғлаб.
Профилактика инспектори боланинг тили орқага кетганини билгач, чаққонлик билан ҳаракат қилиб, бармоқлари билан тилини олдинга тортади. Сўнг оилавий шифокор поликлиникасига олиб боради. Тезда тиббий ёрдам кўрсатилгани боис боланинг ҳаёти сақлаб қолинди. Розмозлик О. Болтаева эса лейтенант М. Музаффаровга миннатдорлик билдирди.
Мирзоқул АҲАДОВ,
