Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги, 210 нафар болаларга мўлжалланган Тошкент шаҳрида жойлашган 5-сон «Наврўз» номли мактабгача таълим ташкилоти 1995-йилдан бери фаолият кўрсатиб, 2010-йилда жорий таъмирланган эди. Куни кеча ушбу ташкилотнинг бугунги кун талаби бўйича реконструксия қилиниб, замонавий жиҳозланиб, фойдаланишга топширилиши бўйича тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи генерал-маёр Даврон Назармуҳамедов иштирок этиб, давлатимиз раҳбари томонидан ёш авлодни ҳар томонлама етук шахс қилиб вояга етказиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганини, таъкидлади.
Мазкур боғчада 8 та болалар гуруҳи учун хоналар, ёзги бассейн, ҳар бир гуруҳ учун алоҳида ёзги айвончалар, ошхона, мусиқа зали, кенг ўйин майдончаси, йўл ҳаракати қоидалари бўйича маҳсус ўқув амалий майдонча барпо этилди. Бундан буён, боғчада 240 нафар болажонга муносиб таълим тарбия бериш учун барча замонавий шароитлар яратилганлиги таъкидлаб ўтилди. Вазирлик раҳбариятининг ташаббуси билан таълим ташкилотига қўшимча миллий мусиқа асбоблари, 75 дюймли проектор, 20 миллион сўмлик китоб ва болалар учун ўйинчоқлар тўплами ҳамда хизматда фойдаланиш учун «Дамас» автомобилининг калити тоширилди. Тадбирдан сўнг барча меҳмонлар болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.
Абу КЕНЖАЕВ,
ўз мухбиримиз.
