Жиззах шаҳридаги 29-сонли меҳрибонлик уйининг 40 нафарга яқин тарбияланувчиси ички ишлар органлари фаолияти билан таништирилди. Улар Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тарихи музейида бўлишди. Болаларга 2 мингдан ортиқ экспонатга эга музейдаги буюмлар, ҳужжат ва фотосуратлар ҳамда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашга қаратилган фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, баркамол авлод бўлиб улғайиши учун яратилаётган шароитлар тўғрисида сўз юритди. Шундан сўнг болаларга бадиий адабиётлар ва ўқув қуролларидан иборат совғалар топширилди.

Шу куни тарбияланувчилар учун вилоят ИИБ патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ҳамда тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ихтиёридаги техника ва қурол-яроғлар кўргазмаси ташкил этилди. Тадбир доирасида тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларининг жанговар чиқиши намойиш қилинди. Болаларнинг ички ишлар органлари фаолиятига оид тасаввурлари янада бойиди, десак адашмаймиз. 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.