Тошкент шаҳар ИИББ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида вояга етмаганларни қабул қилиш, вақтинча сақлаш ҳамда тарбиявий-профилактик тадбирларни ўтказиш ва болаларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.

Марказга қаровсиз, адашган, бедарак йўқолган, ижтимоий ва бошқа хавф остида қолган, одам савдоси қурбони бўлган, ўз уйидан ўзбошимчалик билан чиқиб назорациз юрган ва ёрдамга муҳтож бўлган 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар қабул қилиниб, уларнинг шахси аниқланиб, келгуси тақдирларини ижобий ҳал этишда прокуратура идоралари, васийлик ва ҳомийлик органлари, идоралараро вояга етмаганлар ишлари бўйича комис­сия­лар ва бошқа тегишли органлар билан ҳамкорликда яшаш жойлари, меҳрибонлик уйлари ҳамда бошқа давлат таълим-тарбия муассасаларига топшириш ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, ўсмирлар ва болалар психологиясининг муҳим аспектлари, хулқ-атвори қийин болалар билан ишлаш ва меҳнат муҳожирларининг республикага қайтариб олиб келинган фарзандлари келгуси тақдири мониторинги ва бу борада тегишли хулосалар бериш йўналишида, Ўзбекистондаги Бмтнинг Халқаро Болалар фонди УНИCЕФ билан ҳамкорлик ишлари тўғри йўлга қўйилган бўлиб, бу йўналишда ўқув семинар-тренинг машғулотлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. 

Марказда вояга етмаганларни ўқитиш, уларда ҳаётий кўникмаларни шакллантириш, дунёқарашини кенгайтириш, меҳнатга йўналтириш борасида алоҳида дастурлар ишлаб чиқилган. Марказ биноси 110 нафар болага мўлжалланган бўлиб, ҳозирда қабул қилиш сиғимини кўпайтириш борасида таъмирлов ишлари олиб борилмоқда. 


Аброр ПОЁНОВ,

ўз мухбиримиз.