Яқинда Навоий вилояти Иибда ташкил этилган матбуот анжуманида ОАВ вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этди. Анжуманда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи, полковник Зоҳиджон Қаюмов вилоят Иибнинг 2024-йилдаги фаолияти натижалари ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди. Жумладан, соҳага рақамли технологиялар ва инновасион ёндашувларнинг жорий этилиши ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг, хусусан, кибержиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар борасида тўхталди. 

Соҳавий хизмат раҳбарлари эса маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасида амалга оширилган ва бажарилиши режалаштирилган ишлар хусусида гапириб, айни пайтда долзарб ва кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатлар, ижтимоий тармоқларда тарқалган шов-шувли хабарлар юзасидан берилган саволларга жавоб беришди. Шунингдек, йиғилиш қатнашчилари вилоят ИИБ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг фаолияти билан ҳам танишишди.

Анжуман якунида вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг янгидан фойдаланишга топширилган биноси, маъмурий амалиёт маркази фаолияти ва ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда соҳа тарихига оид музей билан яқиндан танишилди.  

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.