Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида жорий йилнинг 19-феврал ярим тунда содир этилган босқинчилик жинояти ички ишлар органлари ходимларининг тезкор амалий чора-тадбирлари натижасида фош этилди.

Ўша куни уч нафар номаълум шахс юзига ниқоб таққан ҳолда, пичоқ билан қуролланиб, Олтиариқ тумани марказидаги интернет хизматларини кўрсатувчи диллерлик шохобчасига бостириб киради. Улар шохобча ходимига тан жароҳати етказиб, 5 миллион сўм пулни талон-торож қилишади ва ҳодиса жойидан яширинади.

Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек ўтганига ишонган учовлоннинг қадамлари узоққа бормади. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида мазкур жиноятни шу туманда яшовчи А.Х., Э.О. ва М.А. содир этганлиги аниқланди. 

Айбланувчилардан жиноятни содир этишда фойдаланилган буюмлар ҳамда жиноий йўл билан қўлга киритилган пуллар эвазига сотиб олинган буюмлар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

Суриштирувлар жараёнида ушбу йигитлар таваккалчиликка асосланган қимор ўйинларига ҳам муккасидан кетгани, ўйин учун пул топиш мақсадида шу ишга қўл урганлиги маълум бўлди.

Энди улар қилмишларига яраша қонун олдида жавоб беришади.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилияти.