Самарқанд шаҳрининг «Мотрид» маҳалласида доимий рўйхатда турувчи, айни вақтда жазони ижро этиш муассасасида бўлган Д.Р.ни яхши танийдиганлар унга «Тилида сеҳри бор», дея таъриф берадилар. Бунинг сабаби эркакнинг ёлғонни ростдек сўзлаши, фирибгарлик орқали кўпни қақшатганидир. Табиийки, қилмишлари жазосиз қолмади, 6 марта судланган бу шахс умрининг бир қисмини панжара ортида, яна анчагина вақтини ички ишлар органлари пробасия хизмати назорати остида ўтказган.
Д.Р. Самарқанд шаҳрида «грин кард» лотереясида иштирок этмоқчи бўлганларнинг маълумотларини расмий сайтга киритишга ихтисослашган тадбиркорлик субъэкти очганида «Яна бир балони бошламаса бўлди», дейдиганлар топилди. Афсуски, улар адашмаганди.
Қисқаси, фириб устаси Жиззах шаҳрида ҳам ўз тадбиркорлик субъэктининг филиалини очди ва мазкур шаҳарнинг «Наврўз» маҳалласида истиқомат қилувчи С.Ж.ни ишга жойлаб қўйди. Кўп ўтмай ана шу қиз ўзи билмаган ҳолда Д.Р.га янги фирибгарлик ғоясини тақдим қилади. Яъни, ўзи ҳақидаги маълумотларни расмий сайтга киритиш учун келган йигитлардан бир нечтаси С.Ж.дан «грин кард»сиз Ақшга кетиш йўллари борми?», дея суриштирадилар. Қиз уларга аниқлаштириб, жавобини айтишга ваъда беради ва бошлиғидан маслаҳат сўрайди.
Ўз навбатида, Д.Р. бўйдоқларни шилиш режасини ишлаб чиқиб, С.Ж.га Ақшга кетмоқчи бўлган йигитларни ўзига учраштиришни сўрайди. У билан юзлашганларга эса «грин кард» соҳиби бўлган қизга уйланишни, кўнглига ёқмаса, Ақшга боргач, ажрашиб кетишни таклиф қилади. Фирибгар бу ҳийласини амалга ошириш мақсадида Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида яшовчи, ростдан ҳам «грин кард» соҳиби бўлган Ш.Э.га жиноий шерикликни таклиф қилади. Аммо қиз бундай ишларга қўл урмаслигини маълум қилади.
Ушбу найранги ўтмаган Д.Р. қўл остида ишлайдиган, Паяриқ туманининг «Гулистон» маҳалласида яшовчи Ш.Ж.нинг суратидан фойдаланган ҳолда сохта «грин кард» ясаб, Ақшга кетиш илинжида ёнаётганларга кўрсатади. «Куёв»лар қиз билан учрашиш истагини билдирганда эса ходими Ш.Ж.ни бўлғуси «келин» ролини ўйнаб беришга кўндиради.
Натижада жиноий гуруҳ тузоғига бўйдоқ йигитлар туша бошлайди. Хусусан, Д.Р. «Хорижга кетиш харажатлари» изоҳи билан Шароф Рашидов туманининг «Қатортол» маҳалласида истиқомат қилувчи Ж.Р.дан 20 минг Ақш доллари олади. Шу тарзда у жиззахлик 19 нафар йигит ва уларнинг ота-оналаридан 127 минг 340 Ақш доллари ҳамда 337 миллион 992 минг сўм ундиришга муваффақ бўлади.
Қизиғи, айрим жабрланувчиларнинг ота-оналари Ш.Ж. билан суҳбатлашиб, «кўҳликкина» қиз ёқиб қолгани боис уни келин қилишга розиликлари ифодаси сифатида бошига рўмол ёпадилар. Бир йилдан ошиқ вақт ўца-да, хорижга кета олмаган йигитлар ҳамда уларнинг яқинлари шубҳага тушиб, Самарқандга серқатнов бўлиб қолишади. Мазкур жараёнда айрим жабрланувчилар Д.Р.нинг идорасида бир-бирларига дуч келишади. Камига «грин кард» соҳиби ролини ижро этаётган қизни иш устида кўрадилар. Жанжал бошлангач, фирибгар қочиб кетади.
Табиийки, жабрланувчилар ички ишлар органларига ариза ёздилар. Шу асосда гумон қилинувчига нисбатан қидирув эълон қилинди. Пировардида, қочоқ Қозоғистон чегарасидан ўтаётганида қўлга олинди. Суд Д.Р.га 9,9 йил, С.Ж.га 5,6 йил, Ш.Ж.га 4,6 ой озодликдан марҳум қилиш жазосини тайинлади. Ачинарлиси, фирибгардан жабрланувчиларга етказилган зарарнинг катта қисмини ундиришнинг иложи топилмади. Хуллас, хорижга кетиш орзуси
19 нафар йигит ва уларнинг яқинлари учун жуда қимматга тушди.
Бобомурод ЭРКИНОВ,
маёр.
Жиззах вилояти.
