Бугун мазкур обидаларнинг аксарияти давлатимиз муҳофазасига олинган бўлиб, минглаб чет эллик ва маҳаллий сайёҳларни ўзига чорлаб турибди. Хўжа Низомиддин боло гузари ҳудудида, Аркнинг шимоли-шарқида жойлашган ўрта асрларга оид «Зиндон» меъморий ёдгорлиги ҳам ана шундай иншоотлар сирасига киради.
Ушбу бино Бухоро амирлигининг қамоқхонаси ҳисобланган. У конуссимон қудуқ шаклида бўлиб, ХВИИИ асрнинг иккинчи ярмида манғитлар сулоласи ҳукмронлиги даврида қурилган.
Зиндонга кичик пештоқли ва икки табақали қадимий ёғоч эшиги бўлган дарвозахонадан кирилган. Қамоқхона икки қисмга бўлинади: юқори зиндон ва қуйи зиндон.
Зиндон асосан маҳбуслар учун мўлжалланган хоналардан иборат. Унда сақланаётганлар белгиланган вақтда сайрга олиб чиқилган. Битта махсус катта камера турли сабабларга кўра қамалган юқори мартабали амалдорлар учун мўлжалланган.
Ўша даврда оғир жиноятларда айбланганларни зиндоннинг чуқур ўрасига қамаб қўйишган. Кўпинча қўзғолончилар, қотиллар, қароқчилар, ўғрилар, қарздорлар, солиқ тўламаганлар ва сиёсий маҳбуслар зиндонбанд қилинган.
Зиндон ҳовлисида турли даврларга оид пастак ғиштин бинолар бор. Булар зиндонбон хонаси ҳамда ўлимга маҳкум этилганлар учун қурилган хоналардир.
Зиндон Бухоронинг бошқа бир қанча меъморий, археологик ва маданий ёдгорликлари қаторида Унесcонинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Аброр ПОЁНОВ,
ўз мухбиримиз.
