Бухоро вилоятида 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси ўтказилди. Мазкур мусобақанинг тантанали қисмида сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Миржамол Миралимов мамлакатимизда аҳоли ўртасида спортни оммалаштириш, фуқароларни соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари учун яратилаётган шароитларни эътироф этиб, бу каби мусобақалар ёшларнинг спортга бўлган қизиқиши ошишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.
Мусобақанинг ўғил болалар ўртасидаги баҳсларида 11 та жамоа иштирок этди. Финалда Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси спортчилари ўзаро беллашишди. Якунда Бухоро вилояти волейболчилари ғалаба қозониб мусобақа кубогини қўлга киритишди.
Шунингдек, мусобақанинг қиз болалар ўртасидаги баҳсларида 7 та жамоа иштирок этиб, финал босқичида Бухоро ва Наманган вилояти ёш спортчилари ўзаро беллашишди. Якунда наманганлик волейболчиларнинг қўллари баланд келди. Кейинги ўринларни Бухоро ва Андижон вилоятлари ёшлар эгаллашди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
