Ўзбек халқи жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, сиёсатчи ва жамоат арбоби Мухтор Саиджонов номини, эл-юрт олдидаги хизматларини ҳамиша ҳурмат билан ёдга олади ва қадрлайди.

Яқинда ИИВ Бухоро академик лицейи «Жасорат» музейида вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, ММИ ва КБТХ бошлиғи, подполковник А. Юсупов, Бухоро давлат университети ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, доцент А. Ҳамроев, бошқарма шахсий таркиби ҳамда ўқувчилар иштирокида маданий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Унда қатағонга учраган вилоят ички ишлар органлари ходимларининг номларини тиклаш ва ёш авлодга етказиш орқали уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар хусусида маълумотлар берилди.

Хусусан, тадбир меҳмони Мухторжон Саиджоновнинг невара жияни Зелимхон

Саиджонов бобосига тегишли бўлган ноёб ҳужжатлар ва китоблар тўпламини туҳфа қилиб, ходимларга ўша давр хотиралари ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

1893 йилда Бухоро шаҳрида туғилиб, вояга етган Мухтор Саиджоновнинг отаси Йўлдош Саиджонов савдогар бўлган. У аввал эски мактабда, сўнг акаси Мусожон билан Когондаги рус-тузем мактабида таълим олган. Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Тошкентдаги ўқитувчилар семинариясида уч синф ўқиган.

1912–1918 йиллар «Ёш бухороликлар» сафида бўлган. 1917 йилда М. Саиджонов «Ёш бухороликлар» партияси Марказий Қўмитаси аъзолигига қабул қилинади. Бу партияга асосан тараққийпарвар зиёлилар, савдогарлар ва шаҳар камбағаллари вакиллари кирган. Улар бошида демократик ислоҳотлар ўтказиш, конституциявий монархия ўрнатиш орқали амирнинг мутлақ ҳокимлигини чеклаб қўйиш тарафдори бўлган. Жумладан, Абдулвоҳид Бурҳонов, Мукаммил Бурҳонов, Садриддин Айний, Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Отаулла Хўжаев, Аҳмаджон Ҳамдий, Ҳомидхўжа Меҳрий, Муса Саиджонов, Мирзо Сирож Ҳакимлар партиянинг дастлабки ташкилотчилари эди. Кейинчалик унинг

фаолиятида Фитрат, Файзулла Хўжаев ва Муҳиддин Мансуров катта рол ўйнади.

У 1920 йил 14 сентябрда Бухоро Халқ Республикасининг биринчи Ички ишлар (дохилия) нозири этиб тайинланади. 

Кейинчалик Давлат назорати халқ нозири, Бхсрнинг РСФСР ҳукумати ҳузуридаги махсус вакили, Бухоро Компартияси Марказий Қўмитаси масъул котиби, БХСР Марказий Ижроия Қўмитаси масъул котиби лавозимларида хизмат қилади. Бундан ташқари, «Миллий иттиҳод» ташкилотининг Бухоро шўъбасида фаолият кўрсатган.

Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилгач, аввал Зарафшон округи ижроия қўмитаси раиси, сўнгра Зарафшон округи партия комитети масъул котиби, Ўзбекистон ССР Ички савдо халқ комиссари, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоси бўлиб ишлаган.

«Ўн саккизлар гуруҳи»нинг фаол иштирокчиси сифатида ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюросининг Ўзбекистондаги фаолиятини кескин қоралагани учун 1925 йил охирида бир йил муддатга партия ва шўро идораларидаги масъул лавозимлардан четлаштирилди. Шунингдек, Ф. Хўжаев бошқарган Бухоро Халқ Республикасида молия нозирлигида, кейинроқ «Ўзбеккино» трести бошқарувчиси (1936 йилгача) лавозимларида фаолият кўрсатган.

Ёзувчи Файзулла Қиличовнинг «Мустақилликнинг фожиали йўли» номли эссесида

М. Саиджоновнинг ибратли ташаббуси ёдга олинган. Яъни, у 1934 йилда Фитратга «Амир даври, жадидлар ҳақида ҳаққоний асар ёзиб бер, биз ўша даврни ҳозирги хароб аҳволимиз билан солиштириб, ҳужжатли кино яратайлик» деган.

Фитрат ҳозиржавоблик билан Бухоро инқилобига атаб «Тўлқин» песасини ёзади. Афсуски, бу песа, Файзулла Хўжаев ва бошқаларнинг минг уринишларига қарамасдан, ёруғлик юзини кўрмай, Санъат Бош бошқармаси сандиқларида қолиб кетади.

1937 йилнинг 20 март куни қамоққа олинган Мухтор Саиджоновнинг уйида икки ўғли ва хотини изиллаб қолаверди... Сўнгра акаси Мусожон ва укаси Қурбонжон Саиджоновлар ҳам қамалди. Бухоролик 17 нафар миллий раҳбарлар билан биргаликда М. Саиджонов Тошкентда «Учлик»нинг 1937 йил 14 октябрдаги қарорига асосан, аксилинқилобий «Миллий Иттиҳод» ташкилотининг аъзоси, чет эл мамлакатлари билан доимий алоқада бўлиб, Ўзбекистонни иттифоқдан ажратиб олиш мақсади бўлганликда айбланиб, отувга ҳукм этилган. Ўша пайтда у 44 ёшда эди...

Мухтор Саиджонов вафотидан сўнг 1965 йил 2 декабрда оқланган.

Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.