Шўрчи туманидаги «Эгарчи» маҳалласида яшовчи Ҳотам Бабатов (исм-шарифи ўзгартирилди) бир марта жиноят содир этиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Белгиланган жазо муддатини тўлиқ ўтаб, озодликка чиққандан кейин ҳам панжара ортида ўтган умри унга сабоқ бўлмади.
...Ҳотам туну кун пул топиш ҳақида ўйларди. Бир куни қўшниси Алижондан автомашинасини гаровга қўйиб, унга фоизга 20 миллион сўм миқдорида қарзга пул олиб беришини илтимос қилди. Бунга кўнмаган қўшнисининг ишончига кириш учун уни роса авради. Бу пулга қўй олиб сотиб, бизнес қилишини ва топган фойдадан 50 фоиз унга ҳам улуш бериб туришини айтиб, ниҳоят, ишонтирди. Алижон унга 20 миллион сўм пул қарз олиб берди.
Орадан анча вақт ўтди. На қўйдан, на бизнесдан келган даромаддан дарак бўлавермагач, Алижон Ҳотамнинг ҳийласига лаққа тушганини фаҳмлаб, пулини қистади. 20 миллион сўмни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган Ҳотам эса яна ёлғон тўқий бошлади. Машинасини гаровдан чиқариб бериш учун ҳамсоясини 900 АҚШ доллари қарз бериб туришга кўндирди, бироқ...
Қилмишларидан хулоса чиқармаган Ҳотамга одамларни алдаб, мўмай даромад топиш ёқиб тушди. Бир хатосини тузатмай, иккинчисига қўл урди. Бу сафар хусусий корхона очиб, боғдорчилик ва полиз маҳсулотларини етиштириш мақсадида оғзаки келишув асосида 40 гектар ер майдонини олиб, иш бошлади. Ўша кунларнинг бирида эски таниши Собирни учратиб қолди ва у 50 сотих экин майдони сотиб олмоқчи эканидан хабар топди. Буни эшитибоқ эски одатига кўра иш кўрди. Яъни, ҳеч иккиланмай, танишига ўзининг 50 сотихли боғ қилинган ер майдони борлигини, агар у харидор бўлса, сотихини 1000 АҚШ долларидан сотишни таклиф қилди. Улар шу ернинг ўзида савдолашиб, Ҳотам ўзига тегишли бўлмаган ерни 45 минг АҚШ долларига сотишга келишди.
«Қаҳрамон»имиз келишилган пулни Шўрчи туманидаги «Тошкент» кафесида олаётганида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.
Аваз РАҲИМОВ,
маёр.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Сурхондарё вилояти.
