Ички ишлар органларида хизмат қилиш билан бирга кўнгли санъатга ошуфта бўлган истеъдодли ходимлар талайгина. ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Биринчи мин­тақавий ҳудуди 14-сон ЖИЭК даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлими врач-наркологи, капитан Сарбиназ Узакова ана шундайлардан бири. 

Сарбиназ 2018-йилдан буён соҳада фаолият кўрсатиб келади. У бўш вақтларида дутор чалади, қўшиқ куйлайди. Айниқса, чанқовуз чалганида, ҳамма сел бўлиб тинглайди. 

– Онам чанқовузни маромига етказиб чалардилар, – дейди Сарбиназ. – Биз чанқовуз чалишни улардан ўрганганмиз. Онам даражасида ижро эта олмасак-да, турли оилавий тадбирлар, байрамларда чалиб турамиз. Чан­қовуз чалсам, отам билан сўзлашгандай, онам билан дардлашгандек бўламан. 

Сарбиназга ҳамкасблари ҳавас қилишади. У тизимда хизмат қилаётган хотин-қизлар ўртасида ўтказилган бир қанча кўрик-танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган. Лавҳамиз қаҳрамони бир ўғил, бир қизнинг севимли онажониси ҳам. 

– Фарзандларим эл корига ярайдиган, Ватани ва халқи учун ёниб яшайдиган инсонлар бўлиб яшашини истайман, – дейди у. – Бу йўлда аввало, ўзим уларга ибрат, ўрнак бўлишга интиламан.

Лавҳамиз қаҳрамонининг шахдам қадамлари орзуларига эш бўлсин, деймиз. 

Адолат ФАЙЗИЕВА,

ўз мухбиримиз.

Тошкент вилояти.