Навбаҳор туманидаги мавжуд 41 та маҳаллада аҳолиси гавжум жойларда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида туман ИИБ ЖХХ ҲПБ ходимлари томонидан самарали ишлар олиб борилмоқда.
Яқинда «Юқори Бешработ» маҳалласида ташкил этилган профилактик тадбир мобайнида ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, ногиронлиги бўлганлар, якка-ёлғиз истиқомат қилувчилар ҳамда пробация назоратидаги шахсларнинг хонадонларига кирилиб, муаммолари ўрганилди, эҳтиёжманд оилаларга кўмак кўрсатилди.
Туғма ногирон Камола Нортоева ва 87 ёшни қаршилаган Анор ая Фозиловага туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи ходимлари томонидан ИД-картаси топширилди. Бундан ташқари, касаллик ва боқувчисини йўқотганлик учун нафақа расмийлаштириш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатилди.
– Ҳудудда олиб борилган амалий ишлар, кўрилган чора-тадбирлар натижасида «Бешработ», «Қизилой» ҳамда «Оқ олтин» маҳаллаларининг криминоген вазияти яхшиланиб, «яшил» тоифага ўтди. Шунингдек, Мирзо Улуғбек, «Қоровултепа», «Ғужбоғтепа» ва «Чорбоғгузар» маҳаллаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида савдо дўконлари ва кўчаларда кузатув камералари ўрнатилди, – дейди туман ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғи, капитан Ваҳобиддин Ўсаров.
Туманда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, уларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олишда ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган, ишсиз аёлларга кўмак кўрсатишди. Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, капитан Юлдуз Ғаффорова самарали хизмат олиб бормоқда.
Маҳалладаги аҳолининг муаммоларини, турмуш шароити, вазиятини шу маҳаллага бириктирилган профилактика инспекторичалик ҳеч ким яхши билмайди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмасининг хизмат самарадорлиги эса профилактика инспекторларининг билим ва салоҳиятига, тажрибасига ва тезкорлигига бевосита боғлиқ. Маёр Муслим Алиев, капитан Лазиз Шермуродов, катта лейтенант Ўткир Раҳматов маҳаллаларда содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида намунали хизмат қилмоқдалар.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
