Атаманинг луғавий маъноси
Тадқиқотларга кўра, жой номининг келиб чиқиши борасида олимлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида бир нечта қарашлар мавжуд. Биринчи фараз: Ўрта Осиё хонликларида лашкар отрядини орқадан қўриқловчи махсус аскар ёки қўшиннинг энг орқадаги қисми шундай аталган.
Тарихчи олимлар Алишер Навоий асарларига таяниб, – вул қўшимчаси (масалан: ҳировул, қоровул, ясовул, баковул) ҳарбий ва сарой ходимларини билдирганини таъкидлайдилар. Шу муносабат билан, Чиндовул — «қўшиннинг энг орқадаги қисми» деган маънони англатиши мумкин.
Яна бир манбага кўра, чиндовул ўзбек ва тожик халқларида дубулға шаклидаги, бир томонидан тери билан қопланган урма чолғу асбоби. Ҳарбий юришлар ва турли маросимларда қўлланган. Чиндовул отлиқ аскар эгарига бойланган, таёқ ёки қамчи дастаси билан чалинган.
«Гул термоқ» ривояти
Маҳаллий аҳоли орасида бу ном тожикча «чин» (термоқ) сўзидан олинган бўлиб, «гул термоқ» деган маънони билдиради, деган қараш бор. Бироқ тилшунос олим Т. Нўмонов бу фикрни рад этади, чунки ҳудуднинг тарихий шаклланишида бу маъно ўз исботини топмаган.
«Қирқ овул»
афсонаси
Ривоят қилинишича, Шоҳ Жалил исмли шахс Косонсойга борганида уни шаҳарга киритишмаган. У ўз карвони билан ҳозирги Чиндовул ҳудудига келган ва бу ерда
40 та овул (чил овул) тикиб яшаган.
Замонавий ономастика (жой номларини ўрганиш фани) қуйидаги талқинни энг ишончли деб ҳисоблайди:
Чиндовул = Чин (хитой этноними) + Овул (тураржой)
Бу ерда «Хитой қишлоғи» маъноси яширинган. Тил тараққиёти давомида «Чин-овул» бирикмаси орасига «д» ундоши орттирилган ва яхлит бир номга айланган.
Буни нима
исботлайди?
Қишлоқ яқинидан оқиб ўтувчи Хитойсой гидроними (сув номи) мавжудлиги бу илмий қарашнинг нақадар тўғри эканлигини тасдиқловчи асосий далилдир.
Мақолани тайёрлашда тарихий манбалар ва Т. Нўмоновнинг тадқиқотларидан фойдаланилди.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,
ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
