Хорижга ишлаш учун кетган каттақўрғонлик Гулмира Жумаева муҳожирликнинг қийин кунларини бошидан кечирди. Қўли ишда бўлди. Юраги Ватан соғинчи билан тўлғонди. Ҳар куни ишда тобланиб, ўзидаги янги қирраларни кашф этар, қалбида улкан режалар туғён уриб, катта орзуга айланиб борарди. Шу мақсадлари рўёби учун ишдан кейин ҳам дам олмас, бошқа бир иш ўрганар, атрофдагиларни кузатарди. Мусофирчилик унга вақтни қадрлашни, одамлар билан ишлашни ўргатди. Ҳар бир қийинчилик сабоқ бўлди, сабрнинг қимматини, меҳнатнинг роҳатини англади. Аммо, барибир бир куни ўз ишимни бошлайман, деган истак уни бир дам тинч қўймасди.
2016-йилда юрт соғинчи қумсаб Ватанга қайтди. Айримлар каби бир чемодан матоҳ ёки пул эмас, ҳаётий тажриба ва ишонч ҳам олиб келди. Ишлаб чиқариш ҳудудлари, шаҳар четларида йиғилиб қолган чиқиндилар, айниқса пластик буюмлар уни ўзига ром этар, «ахир булар чиқинди эмас, янги маҳсулот хом ашёси, тайёр имконият-ку», – деб ўйларди у. Ҳеч иккиланмай тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Чиқиндини қайта ишлаб, гранула ишлаб чиқарадиган кичик корхона очди. Бировларнинг гапига қарамади. Ҳар тўсиқни имтиҳон деб билди. Қайта ишланган гранулаларни қўлига олгач, кўнгли ёриша бошлади.
– Гулмира опа ишчиларга бугун қайта ишланган бир килограмм чиқиндидан тайёрланган гранула, нафақат тайёр маҳсулот хомашёси, балки эртанги тоза ҳаво, – деб таъкидлайди. Кичик корхона аста-секин кенгайиб кластерга айланди. Бугунги кунгача 5 та МЧЖ ташкил этиб, 426 та иш ўрин яратди. Хитойдан 100 минг АҚШ долларига асбоб-ускуналар олиб келиб, сўнгги 5 йилда 178 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди. Ишчиларнинг 123 нафари хотин-қиз. Аксарияти эҳтиёжманд оилалар вакиллари, ижтимоий дафтарларга киритилган қатламдан.
– Дастлаб, бу соҳада ишлаётган ташкилотларга бордим. Кўплаб тадбиркорлар билан суҳбатлашдим, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Бироқ улар бу иш билан шуғулланишимга, эплаб кетишимга ишонмади. «Аёл киши экан, қўлидан келмайди, 1-2 ой ишлаб, ташлаб кетади», деб ўйлашди. Лекин мен мақсад ва аҳдимдан қайтмадим. Ҳозир шаҳарда ҳам, туманда ҳам ҳеч қандай чиқинди кўрмайсиз, ҳаммаси йиғиштириб олиб кетилади ва бизни заводимизга боради. Бугунги кунда қайта ишлаётган нарсамиз оддий шиша. Темир, пластмасса маҳсулотларини қайта ишлаймиз. 7 хил қайта ишлайдиган маҳсулотларимиз бор. Ҳар бир чиқинди катта даромад. Ишчилар билан бир оиладекмиз, бу ахлат тозаловчи деган гап йўқ. Бир дастурхонда ўтириб овқатланамиз, уларни эшитаман, дардини тинглайман. Шу вақтгача иш ва оилам билан ўралашиб, ўқимаган эдим. Айни пайтда олий маълумотли бўлиш истагида Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалида сиртдан ўқияпман. Тадбиркорликнинг назарий жиҳатларини ҳам ўрганяпман.
2024-йилда тадбиркор Гулмира Жумаева Нарпай ва Пахтачи туманларига ҳам хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Ҳозирда «Анваржон бизнес» МЧЖ корхонасининг 40 га яқин юк машиналари Каттақўрғон ва Нарпай тумани маҳаллаларига хизмат қилаётган бўлса, кластерга қарашли яна бир «Мансурбек қўрғон-бизнес» МЧЖ корхонаси Пахтачи туманидаги 59 та маҳалла билан ишлайди. Бу ишда унга турмуш ўртоғи, ўғилларидан ташқари яна 400 га яқин ишчи кўмак беряпти.
Тадбиркор аёл учун 2025-йил омадли бўлди. У «Йил аёли» миллий танловининг Республика босқичида олий ўрин Гран-при соҳибаси деб эълон қилинди. Ғолибга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси «Оних» автомашинаси тантанали тарзда топширилди. Бу эса унинг машаққатли меҳнатлари ортидан келган юксак мукофот.
Хуллас, Гулмира Жумаеванинг сабри, жасорати бошқаларга илҳом манбайи. У меҳнат билан ўсди, орзу билан улғайди, масъулият билан юксалди. Мақсад қатъий бўлса, манзилга етиш мумкинлигини ҳаётида исботлади.
Умида МАМАДАЛИЕВА,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
