Лавҳамиз қаҳрамони Наманган давлат университетини тамомлаб, болалигидан орзу қилган соҳа – ички ишлар органлари сафида хизмат қилиш учун астойдил тайёргарлик кўриб, 2013-йилда хизмат фаолиятини бошлади. Мана шунга ҳам ўн йил бўлибди. 

Аҳаджон шижоати, топшириқларга масъулият билан қарагани учун ўтган вақт мобайнида вилоят ИИБ томонидан бир неча марта муносиб рағбатлантирилди. Жумладан, Мустақиллик байрами арафасида вазирликнинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Муҳими, фаолиятини бошлагандан буён бирор марта интизомий жазога тортилмади.

Маёр Аҳаджон Ғоипов 

3400 нафар аҳоли яшаётган «Хонобод»ни тинч ҳудудга айлантиришда жонбозлик кўрсатиб, «яшил» тоифага олиб чиқди. Ўрнатилган видеокузатув мосламалари орқали бир вақтнинг ўзида каттагина ҳудудни кузатиб туришнинг имкони бор. 

– Ички ишлар органлари ходимлари учун муносиб хизмат ва яшаш шароитлари яратилмоқда, – дейди у. – Биринчилардан бўлиб хизмат уйи ва шахсий автомашинага эга бўлдим. Уйим ва иш жойим ораси 50 қадам. 

Маҳалла аҳли иссиқхоналардан катта даромад топади. Чорвачилик ҳам яхши ривожланган. Аҳаджон Ғоиповнинг уйида ҳам от, қўй боқилади, сайроқи қуш ва кабутарларнинг ноёб турларидан ҳам бор. Уй бекаси Шоирахон уч нафар фарзанд тар­бияси билан бирга, турмуш ўртоғига чорва ва паррандаларни боқишда кўмаклашади.


Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА, 

ўз мухбиримиз.

Наманган вилояти.