Маълумки, Мўйноқ тумани жўғрофий жойлашуви, тарихий ва маданий жиҳатдан диққатга сазовор жойлари билан сайёҳлар эътиборини жалб қилиб келади. 2024-йилнинг апрел ойида Қўқон педа­гогика институти талабаларидан иборат 

5 нафар йигит сайёҳат қилиш мақсадида «Нехиа-1» автомашинасида Мўйноқ туманига қараб йўл олганди. Лекин улар ушбу сафарининг бир умр ёдда қоладиган воқеалардан бири бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. 

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ нинг «102» қисқа рақамига ташвишли қўнғироқ тушади. Унда бир гуруҳ сайёҳларнинг йўқолгани хабар қилинганди. Тергов-тезкор гуруҳи томонидан сайёҳ йигитларни қидирув ишлари бошланади. Туман ҳудудидаги видеокамералар ёзуви ўрганиб чиқилганда, уларнинг Орол денгизининг сув сақланиб қолган қисмига қараб кетгани маълум бўлади. Бу туман марказидан 200 чақиримдан ортиқ масофадаги қумлик саҳрони босиб ўтиш демакдир. Гуруҳ қумликнинг анча жойигача боргач, ортга қайтишга мажбур бўлишади. Чунки, бундай оралиққа махсус тайёргарликсиз чиққан кишилар учун уни босиб ўтиш деярли имконсиз.

Бу орада мазкур ташвишли ҳолат юзасидан республикадаги мутасадди идораларга хабар берилиб, қидирув ишларини кенгайтирилган ҳолда олиб бориш юзасидан келишиб олинди. Қисқа вақт мобайнида 15 га яқин қидирув гуруҳлари ташкил этилиб, эртаси куни қидирув ишлари яна бошланди. Қувонарлиси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларидан ташқари, ҳудудни яхши биладиган фуқаролар ҳам ўз ихтиёри билан ёрдам бериш истагида гуруҳга қўшилди. Қидирувга 20 га яқин махсус техникалар, вертолёт жалб этилди. 

Орадан 4–5 соатлар ўтганидан сўнггина гуруҳлардан бири номаълум автомашина изи топилгани ҳақида хабар берди. Яна ярим соатлардан сўнг эса «Нехиа» автомашинаси, салон ичидан ҳолсизланиб қолган сайёҳ йигитлардан бири топилгани ҳақида хабар келди. 

Автомашинадан топилган йигитнинг айтишича, ярим йўлда машина бузилиб, саҳрода қолиб кетишган. Бу орада олиб чиққан озиқ-овқат ва сув­лари ҳам тугаб, иложсизликдан пиёда кетишга мажбур бўлишган. Аммо унинг соғлиғи ёмонлашгани боис автомашинада қолдиришибди. Қолган тўрт йигит эса икки гуруҳга бўлинган ҳолда ёрдам излаб икки томонга йўлга чиққан. Шу билан орадан уч кун ўтибди.

Қидирув гуруҳларига йигитлар йўл олган тараф маълум бўлгач, барча гуруҳлар ушбу ҳудудни синчиклаб текширишга жалб қилинади. Ва орадан яна 1–2 соат ўтгач, тўрттала йигит ҳам ҳолдан тойган ҳолда топилади. Шундай қилиб, кўпчиликнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бахциз ҳодисанинг олди олинади.

Шу ўринда бир муҳим жиҳатни эслатиб ўтиш ўринли бўларди. Яъни, Оролбўйи ҳудудларига саёҳат учун борадиган бўлсангиз, албатта, ўзингиз билан йўл бошловчи олишингиз керак. Бундан ташқари, фасллардан келиб чиққан ҳолда ҳар қандай иқлим шароитига олдиндан ҳозирлик кўриш фойдадан холи эмас. Соғлигингиз ҳолатини билиш ҳам жуда муҳим. Унутманг, ўзбошимчалик билан иш тутишнинг якуни фожиали бўлиши мумкин!

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

ўз мухбиримиз.

Қорақалпоғистон Республикаси.