Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаро Иибга мурожаат қилиб, 2021-йил 27-декабр кунидан 2022-йилнинг 03-январ куни оралиғида номаълум шахс унинг қурилиши битказилмаган ресторани омборхонасидан, таъмирлаш учун олиб келинган умумий баҳоси 8 400 000 сўм бўлган 132 дона идишлардаги бўёқ ва 4 дона елим челакдаги “травертин” қурилиш маҳсулотини яширин равишда талон-тарож қилиб воқеа жойидан яширинганлигини маълум қилган.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар қилишича, Каттақўрғон шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари давомида ушбу жиноят “қаҳрамони” аниқланди. У Каттақўрғон шаҳар Ғариб мачит маҳалласида яшовчи Х.С. бўлиб чиқди. Ва Х.С. танишига сотган 34 дона бўёқлар тегишли тартибда далилий ашё тариқасида расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
«Постда» мухбири.
Самарқанд вилояти.
