Дадам болалик даврини ва ўша оғир уруш йилларини сира ёдидан чиқара олмайди. Ота-онадан эрта айрилиб, Жамила аммам қўлида вояга етгани ва ақли тўлишиб, энди бирор касбнинг этагини тутаман деганда, кўнгиллилар қаторида урушга отланганини ҳар сафар бизга ҳикоя қилиб бераркан, қалбимиз ғурурга тўлади.
Дадам умри давомида қанчадан-қанча синовларни бошдан кечирмади. Яхши кунлар келади, деган умид билан яшаб, курашди. Шукрки, орзу қилинган даврлар келди. Мамлакатимиз осойишта, аҳолиси фаровон. Ҳамма тинч-тотув яшаб, меҳнат қиляпти. Президентимизнинг беқиёс ғамхўрликлари туфайли кексаларга кўрсатилаётган эътибор, эъзоз ва мурувватдан кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда.
1942-йил ўн олти нафар қишлоқдош йигитлар билан урушга кетган дадам Сталинградда кечаётган қирғинбарот жангларда қатнашади. Сўнг Владивостокдаги денгиз пиёдалари баталёнида ҳарбий хизматда бўлади. Бу орада Кавказни ҳам фашистлардан ҳимоя этишда қатнашади. 1947-йилда она шаҳримиз Бухорога қайтади.
Вилоят босмахонасида масъул лавозимда ишлаб, Бухоро педагогика институтининг тарих факултетида сиртдан ўқиб, дипломли бўлгач, Ромитан туманининг Челонғу қишлоғидаги ўрта таълим мактабида ўқитувчилик қилади. 1969-йилдан то 1984-йилгача ички ишлар органларида самарали хизмат қилди. Ўнлаб шогирдлар тайёрлади. Раҳматли онамиз билан етти нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказди, ўқитди, уйли-жойли ва касб-корли қилди. Қисқаси, барчамизни эл-юрт хизматини шараф деб билган кишилар сифатида етиштирди. Мухтор акам дадамнинг изидан бориб, кам бўлмади. Афсуски, афғон урушида олган асоратлари туфайли 2007-йил вафот этди. Олти опа-ука ҳозир пенсиядамиз. Айни пайтда дадамнинг 19 набираси, 38 эвараси ва 4 нафар чевараси бор.
Бир сўз билан айтганда, мен шундай инсоннинг фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Зеро, дадам менинг бахтим, давлатимдир.
Аброр МУҲСИНОВ,
меҳнат фахрийси.
Бухоро вилояти.
Суратда: вилоят ҳокими Ботир Зарипов, ИИБ бошлиғи, полковник Миржамол Миралимов ва бошқа мутасаддилар уруш қатнашчиси Аҳмед отага Президент табриги ва мукофотларни топшиқмоқда.
