Тошкент Тиббиёт академияси Урганч филиалида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Унда вилоят ИИБ ҲПБ бошлиғининг ўринбосари, капитан С. Худойберганова иштирок этиб, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти, аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида тегишли ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Давра суҳбатида филиал директорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ф. Отажанова, Урганч шаҳри бўйича ИИОФМБ ҲПБ катта инспектори, катта лейтенант Н. Абдуллаэва ҳамда филиалнинг хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, лейтенанти Ш. Ўктамовалар сўзга чиқишди. Улар ўз маърузасида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурлари ҳамда ҳудудий дастурларнинг ижро этилиши ҳолати, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини хотин-қизларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи ҳолатлар тўғрисида тезкор хабардор қилиш механизмларининг яратилганлиги, “Ҳимоя ордери”га эга бўлган хотин-қизлар билан амалга оширилаётган тизимли ишлар хусусида таъкидлади. 

Тадбирда иштирокчилар мавзуга оид ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам батафсил жавоб олишди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.