Зомин дор йўли, машҳур «Суффа 2400» текислиги, Миллий боғни кўришга келган сайёҳ борки, бизнинг бўлимимиз учун махсус қурилган бинога кўзи тушади. Бу ерда туристик ахборот маркази мавжуд бўлиб, сайёҳлар энг кўп қизиқиш билдирадиган жойлар туризм полициясининг тезкор гуруҳлари томонидан тун-у кун қўриқланади. Ҳар бир ходим бирор хорижий тилни билади. Чет элликлар билан таржимонсиз, самимий мулоқот ўрнатиши сабаб ходимларимиз уларда ёрқин таассурот қолдиради. Муҳими, улар сайёҳларга тезкор ёрдам кўрсатишга шай.
Зомин туманида туристик инфратузилма обектлари умумий сони 147 та бўлиб, шундан музей, зиёрат туризми обектлари, археология, архитектура, монументал санъат ёдгорликлари каби бир-бирини такрорламайдиган масканлар мавжуд. Бундан ташқари, 140 та жойлаштириш воситаси фаолият юритмоқда. Барча обектлар сайёҳлик ривожига қаратилаётган эътибор сабаб йил бўйи гавжум. Бу эса туризм намойиши обектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашда алоҳида ёндашувни талаб қилади.
Сайёҳлик полицияси – мамлакатнинг юзи. Шу сабаб бўлимимизда ишлашни истаганларнинг ташқи қиёфаси, ўзини тутиши, чет тилларини билиши, тезкор ва оқилона ечим топиш қобилияти алоҳида қадрланади. Мен ҳам турк тилини ўргандим, ички ишлар органи ходими сифатида касбий ва шахсий ривожланиш йўлидаман.
Ўзбекистон – хавфсиз туризм мамлакати. Бу аллақачон бир неча халқаро ташкилотларнинг йиллик ҳисоботларида қайд қилинган. Ана шу ном барқарор сақланиб туриши, гўзал Жиззахга келган сайёҳ унинг хушфеъл одамлари, бетакрор табиати, тансиқ ноз-неъматлари билан бирга, ажойиб имижга эга туризм полицияси ҳақида ҳам ёрқин таассуротга эга бўлиши – асосий мақсадимиздир.
Умида ЭГАМОВА,
Жиззах вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлими инспектори, маёр.
