Бухоро вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан ИИВ ЖИЭД 6-Минтақавий мувофиқлаштириш маркази тасарруфидаги муассасалар ва 7536-ҳарбий қисм шахсий таркиби иштирокида кенг қамровли ўқув машғулоти ўтказилди. Машғулот давомида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, уларни ташиш ва тарқатиш усуллари, сўнгги йилларда аниқланган янги синтетик моддалар турлари ҳамда уларнинг салбий оқибатлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, иштирокчиларга давлат маблағларидан самарасиз фойдаланиш, манфаатлар тўқнашуви, сохта ҳужжатлар орқали мулкий зарар етказиш каби ҳолатларнинг ҳуқуқий баҳоланиши ва уларни фош этишдаги замонавий усуллар хусусида ҳам маълумотлар тақдим этилди.

  Машғулот давомида экстремистик ва террористик ҳаракатларнинг шакллари, уларнинг ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар онгига таъсир ўтказиш усуллари, радикал ғояларнинг тарқалишига қарши профилактик тадбирларни ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Ходимлар уюшган жиноий гуруҳларнинг фаолият турлари, уларнинг молиявий манбалари, жиноий алоқалари ва таъсир доираси ҳақида тушунчага эга бўлдилар. Уларга уюшган жиноятчиликка қарши самарали курашишда агентура тезкор ишларни тўғри йўлга қўйиш ва жиноятларни ўз вақтида аниқлашга оид тавсиялар берилди. Тадбирнинг якунловчи қисмида хизмат фаолиятида ахборот манбаларининг махфийлигини таъминлаш, хизмат олиб боришда қонунийлик, манфаатлар муқобиллигини ҳисобга олган ҳолда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

        Ўз мухбиримиз.