Ҳар қандай соҳада бошқаларга намуна сифатида кўрсатиладиган, алоҳида эҳтиром билан ёдга олинадиган кишилар бўлади. Эл-юрт ўртасида, ҳамкасблари орасида бундай ҳурмат қозониш осон эмас, албатта. Бунинг замирида ўша инсоннинг фидойилиги, шогирдларига қилган ғамхўрлиги ётади. Шундай инсонлар қаторида биз ҳеч иккиланмай Хожабек оға Аўезовнинг ҳам номини қайд этамиз. Гарчи у бугун орамизда бўлмаса-да, яқинларининг, шогирдларининг, ҳамкасбларининг хотирасида яшамоқда.

Устозимиз 1945-йил 15-августда Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани «Қаратерен» овулида Балтабек ота Аўезов ва Улбийке опа Жумабаэва оиласида дунёга келди. У бир сўзли, мақсадидан оғишмайдиган, забардаст йигит бўлиб вояга етди. 

Ҳарбийликда олган билимлари ва тўплаган амалий тажрибаси уни кейинчалик ички ишлар органлари соҳасига бошлаб келди. Хожабек Аўезов 1971-йилда Тошкент ўрта махсус милисия мактабини, сўнгра Тошкент олий милисия мактабини муваффа­қиятли тамомлаб, олий маълумотли юрист даражасига эришди.

1971–1973-йиллар оралиғида Шуманай, Чимбой ва Тахтакўпир туманлари Иибда жамоат мулкини талон-торож этиш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида катта инспектор сифатида фаолият кўрсатиб, катта тажриба орттирди. Шунинг натижасида раҳбарият ишончини қозониб, тергов йўналишига ўтказилади. 1977-йилгача кўплаб оғир жиноятларни қисқа вақт мобайнида очишга, ҳар қандай жиноятчиликка қарши курашишга бош-қош бўлди.

Ана шундай самарали хизматлари унинг 1979-йили Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов бўлими бошлиғи ўринбосари, кейинчалик мазкур бўлим бошлиғи этиб тайинланишига асос бўлди. У 1985–1991-йилларда Нукус шаҳри, Чимбой тумани ИИБ бош­лиғи лавозимларида фаолият кўрсатиб, мазкур ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ибратли ишларни амалга ошириб, аҳоли орасида катта обрў-эътибор қозонди. Х. Аўезов юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлашга қўшган салмоқли ҳиссаси «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» фахрий унвонига сазовор бўлди.

Хожабек оға намунали оила бош­лиғи сифатида ўн икки нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Катта фарзанди Бахтияр ота йўлини давом эттириб, узоқ йиллар ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика соҳасида самарали хизмат қилиб, пенсияга чиқди. Султанбек ва Ақилбек бугунги кунда Қўриқлаш ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаларида хизмат қилишади. Бошқа фарзандлари эса тиббиёт, таълим каби қатор йўналишлардаги ҳалол меҳнат қилаётган тажрибали кадрлардан ҳисобланади. Фарзандларнинг шу даражага етишишида Хожабек оғанинг турмуш ўртоғи Сапаргул опанинг ҳам меҳнатлари беқиёс.

Устозимиз ҳаёт бўлганида табаррук 80 ёшни қаршиларди. Яқинда шогирдлари ва фарзандлари бош-қош бўлиб, унинг хотирасига бағишланган юбилей тадбири ўтказилди. Тадбирда бу ажойиб инсоннинг хотираси, эзгу, хайрли ишлари, эл-юрт тинчлик-осойишталиги йўлидаги хизматлари яна бир бор ёдга олинди.

Оринбай ТУРДАҚОВ,

истеъфодаги полковник.

Қорақалпоғистон Республикаси.