Шароф Рашидов туманидаги «Қулама» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Т.И.нинг Ғаллаорол туманида фермер хўжалиги очганини эшитганлар унинг яна бир йўналишда тадбиркорлик қила бошлаганига ишонишди. Аммо кўп ўтмай Т.И.нинг мақсади деҳқончилик эмас, балки ер сотиш экани маълум бўлди. Чунки у фермер хўжалиги ерларининг 15 гектарга харидор қидира бошлаганди. 

Табиийки, суғориладиган экин майдонига қизиқувчилар дарров топилди. Чунончи, Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи Б.М. дала майдонини харид қилмоққа шайланди. Олармон экинзорнинг 1 миллиард сўм эканини билгач, эгалик ҳуқуқини берувчи қонунчилик талабларини ўргана бошлади. Бу жараёнда Т.И. фермер хўжалигига тегишли ер майдонини сота олмаслигини билиб қолди. Шу боис ҳолат ҳақида ички ишлар органига хабар берди. Ўз навбатида, соҳа вакиллари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, талаб қилинган 1 миллиард сўмнинг 

400 миллион сўмини олган гумон қилинувчи тегишли тартибда ушланди. 

Бахмал тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходими Ш.Ж. ҳам худди шундай жиноятга қўл урди. 

У «Нурли қуёш» маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги балансида бўлган 5 гектар ер майдонини фуқаро Н.И.га 15 минг АҚШ долларига сотмоққа чоғланиб, талаб қилинган пулнинг 190 миллион сўмини олган вақти қўлга тушди. 

Ички ишлар органлари ходимлари вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси масъуллари Э.А., Э.М. ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ман­сабдори Ш.А.нинг қўлларига ҳам кишан тақдилар. Улар Жиззах шаҳри­нинг «Обод» маҳалласида яшовчи Ш.Қ.дан 400 АҚШ доллари талаб қилиб, 5 миллион сўм олган вақти ушланди. Гумон қилинувчилар бу пул эвазига Мирзачўл тумани «Гулзор» маҳалласида жойлашган мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаби обектларини фойдаланишга топшириш далолатномасига имзо қўйиб беришни ваъда қилишганди. 

Қисқаси, вилоятда коррупсиявий жиноятларга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида соҳа вакиллари томонидан шу каби 264 та жиноят фош қилинган. 

 Алижон АБДУСАТТОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.