Бола бекор ва назорациз бўл­гач, дарров уларни «бошини силайдиган» топилади. Бахтиёр ёмон болаларга қўшилиб қолганини ўзи ҳам фаҳмламай қолди. Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади, деганларидек, у янги «ўртоқлари»га қўшилиб, ҳуқуқбузарлик содир қилди. 

Бу хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиб, ота-­онаси огоҳлантирилгач, Бахтиёр Музработ тумани ИИБ Пробация гуруҳи назоратига олинди. Энди унинг тарбияси билан туман ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Насиба Мажитова ҳам шуғуллана бошлади. 

Катта инспектор дастлаб Бахтиёр билан профилактик суҳбатлар олиб борди ва унинг қизиқишлари, оиласи билан яқиндан танишди. Онасига биргаликда ҳаракат қилинса, ўғлининг хулқида ўзгариш бўлишини тушунтирди. Мактабдаги ўқитувчилари билан яқин ҳамкорлик самараси ўлароқ, Бахтиёр ўзи қизиққан шахмат ва футбол тўгарагига жалб қилинди. Тўгарак машғулотларида ўқитувчи интерфаол усуллардан фойдаланишга ҳаракат қилди, боланинг машғулотда эркин фикрлай олиши, ижодкорлик маҳоратини ошкора намойиш эта олишига имкон яратди. Секин-асталик билан Бахтиёрда ижобий ўзгаришлар сезила бошлади.

– Ўсмир ёшдаги болаларнинг тарбиясига озгина бепарволик қилинса, хулқида салбий томонга ўзгаришлар кузатилади, – дейди катта лейтенант Насиба Мажитова. – Уни яна тўғри ўзанга йўналтириш учун мактаб, ота-она ва ички ишлар органлари инспекторлари, керак бўлса, маҳалла фаоллари ҳам биргаликда ҳаракат қилиши лозим. Бу каби вояга етмаганларнинг бир нечаси билан шундай тартибда иш олиб бордик ва натижаларимиз ёмон эмас. 

Туман ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи томонидан айни пайтда тумандаги 58 та касб-ҳунар ва умумтаълим мактабида профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилда тунги рейд тадбирларида вояга етмаганларнинг интернет клубларида юрганлиги бўйича 3 та ҳолат аниқланди ва тегишли тартибда маъмурий чоралар қўлланилди. 

Айтиш керакки, туман 3-сектори ҳудудида яшайдиган ва оталиққа олинган 3637 нафар ёшлар ўртасида сектор раҳбарининг ташаббуси билан спорт мусобақалари, «Заковат» интеллектуал ўйини, китобхонлик танловлари ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ҳарбий қисмларда «Очиқ эшик­лар куни» тадбирлари ўтказилиб, ҳарбийларнинг хизмат фаолияти ҳамда ҳарбий техника, қурол-аслаҳалар билан яқиндан таништириб келинмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар ҳудудда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни камайишига хизмат қилмоқда. 

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.