Ёшлар – келажак бунёдкори

Адҳам Одилов 2016 йили ИИВ Академиясини тамомлаб, Навоий вилояти Конимех тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ суриштирувчиси сифатида хизмат фаолиятини бошлаган эди. Икки йил мобайнида муайян тажриба тўплагач, уни Зарафшон шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ катта суриштирувчиси лавозимига тайинлашди. 2019 йилдан буён эса Конимех тумани ИИБ ҳузуридаги ТГ катта терговчиси лавозимида хизмат қилмоқда.

Капитан Адҳам Одилов ўтган йил мобайнида 33 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини олиб бориб, 25 та жиноят ишини айблов хулосаси ҳамда томонларнинг ярашганлиги муносабати билан судга юборди. Мазкур жиноят ишлари бўйича жабрланувчиларга етказилган 300 миллион сўмликдан ортиқ моддий зарар тўлиқ ундирилишига эришди. Жойларда жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича 70 га яқин учрашувларда қатнашди.

– Жиноятга жазо муқаррарлигини, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ички ишлар органлари ходимлари зиммасидаги машаққатли ва шарафли бурчдир, – дейди капитан А.Одилов. – Фуқароларимизни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш биздан касбий маҳорат ва юксак билим талаб этади. Терговчининг муваффақияти тинимсиз изланишда бўлиши, билим савиясини, тажрибасини кундан-кунга ошириб боришига боғлиқ. Танлаган касбимдан ҳар доим фахрланаман.

Жорий йилда Б.Р. туман ҳудудида ўғрилик жинояти содир этиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган эди. Лавҳамиз қаҳрамоннинг маҳорати туфайли гумон қилинувчи қўлга олинди. Капитан Адҳам Одилов ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Шу ўринда унинг фаолиятига яна бир мисол келтирсак. Конимех тумани Иибга жорий йил бошида «Юксалиш» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Е.У. ариза орқали мурожаат этди. У ўз аризасида хонадонидан номаълум шахс қарийб 13 миллион сўмлик нарса-буюмларни ўғирлаб кетганлигини маълум қилган. Капитан Адҳам Одиловнинг саъй-ҳаракатлари туфайли содир этилган жиноят «иссиқ изида» фош этилиб, гумон қилинувчи А.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Маҳоратли терговчи вазифасига ҳар доим виждонан ёндашади. Ўзига талабчанлиги ҳамда тиришқоқлиги, касбий маҳоратини мунтазам ошириб бориши хизмати давомида қўл келмоқда. Энг муҳими, танлаган касби туфайли одамларнинг мушкулини осон қилаётганидан, адолат қарор топишига ҳисса қўшаётганидан мамнунлик туяди. У оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг ҳимоячиси, фарзандига намуна бўла оладиган ота. Эл корига яраш, эзгуликка хизмат қилиш – аслида чинакам бахт шу эмасми?!


Дилрабо АБДУҲАМИДОВА,

сафдор.

Навоий вилояти.