Янги йил байрами ва дам олиш кунлари кўча ва хиёбонлар, истироҳат боғлари ҳамда савдо мажмуалари ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Юртдошларимизнинг эмин-эркин, тинч ва хотиржам байрам нишонлашлари учун ички ишлар органлари ходимлари кўчаларда, жамоат масканларида тун-у кун ҳушёр ҳолатда хизмат олиб боришди.
Фарғона вилояти ИИБ
Биринчи минтақавий ҳудуд саф бўлинмалари йўл-патрул хизмати отряди 1-сафарбар гуруҳи инспектори, сафдор Набижон Камоловни ҳам Фарғона шаҳар кўчаларида учратдик. Қош қорайган, изғирин ва совуқ ҳаво бўлишига қарамай, йўлларда тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида автотранспорт воситалари ҳаракатини тартибга солаётган бу йигит халққа муносиб хизмат қилишни шарафли бурч дея таърифлади.
– Эгнимизга ички ишлар органлари кийимини кийиб, эл хизматига отланган эканмиз, демак, бу бизнинг муқаддас бурчимиз. Фуқароларимиз йўлларда бехавотир ҳаракатланса, кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлмаса, ўз бурчимизни сидқидилдан адо этаётган бўламиз. Байрам кунлари масъулиятимиз икки ҳиссага ошди, аммо чарчаганимиз, совқотганимиз йўқ. Одамларнинг кўтаринки кайфияти, кўзларидаги қувонч, илиқ меҳри бизга куч бериб турибди.
Маълумот учун айтиш зарурки, сафдор Набижон Камолов Тошлоқ туманида туғилиб ўсган. Ички ишлар органларидаги илк хизмат фаолиятини 2017-йилда қўриқлаш хизматида бошлаб, 2019-йилдан буён йўл-патрул хизматида муносиб давом эттириб келмоқда.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
