Ушбу сурат 2006 йил 20 июн куни ИИВ Тошкент олий ҳарбий техника билим юрти ҳовлисида тарихга муҳрланган. Эсимда, ўша куни ушбу билим юртида навбатдаги тантанали битирув маросими бўлиб ўтди. Битирув тадбири тугагандан сўнг ИИВ ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби бошлиғи, генерал-маёр Матрасул Собиров мени чақиртирди.
– Чарчамадингми, бизниям бир суратга ол, – дедилар. У кишининг ёнида ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-маёр Тоҳир Муллажонов ва ИИВ Тошкент олий ҳарбий техника билим юрти бошлиғи, генерал-маёр Шуҳрат Ниязов турар эди.
Эътибор берган бўлсангиз, суратда минглаб офицерларнинг устозлари, забардаст генераллар савлат билан, самимий туришибди. Улар мустақил Ўзбекистонга етук ва ватанпарвар кадрларни етказиб берган, энг нуфузли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи олий, ҳарбий таълим даргоҳларнинг раҳбарлари бўлишган.
Суратнинг чап томонидаги марҳум генерал-маёр Матрасул Собиров ва ўнг тарафдаги марҳум генерал-маёр Шуҳрат Ниязовларни бугун шогирдлари уларнинг касбига фидойиликларини, эзгу амаллари ва хайрли ишларини тез-тез эслашади.
Ўртада турган генерал-маёр Тоҳир Муллажонов ҳамон сафда бўлиб, бугунги кунда ИИВ Академиясида тингловчиларга таълим, тарбия бериб, бой тажрибасини ёш ходимларга ўргатиб келмоқда.
Ҳарбийларда «Генералликни орзу қилмаган аскар аскар эмас», деган бир гап бор. Шу инсонлардек генерал бўлишни ким орзу қилмаган дейсиз. Бундай устозларни яхшилик билан эслаш барча шогирдлар бурчидир.
Абу КЕНЖАЕВ,
фотомухбир.
