Лавҳамиз қаҳрамони ургутлик Барот ака ҳамда Тожихол опанинг аҳил-иноқ­ликдаги оиласида ўсиб улғайган олти фарзанднинг иккинчиси. У келажагини ички ишлар органларидек машаққати бисёр соҳада кўриб, 2002-йилда ИИВ Академиясининг жиноят қидирув йўналишига ҳужжатларини топширади. Таҳсилни тамомлаб, илк хизматини 

2006-йилда Самарқанд шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими милиция таянч пунктлари профилактика инспектори лавозимида бошлаган Ғулом Исломов ўзига нисбатан талабчанлиги ва тиришқоқлиги билан тезда ҳамкасблари ишончини қозонади. Устози, истеъфодаги 

подполковник Равшан Зоҳидовдан соҳанинг ўзига хос жиҳатларини синчковлик билан ўрганади.

 – Академияда ўқиган назарий билимларимни илк хизмат бошлаганимда амалиёт билан уйғунлаштириш мен учун осон кечган, – дейди 

подполковник Ғулом Исломов. – Чунки устозим ниҳоятда жонкуяр эди. Хизматни ҳар томонлама тўкис ва сифатли бажаришда уч муҳим жиҳат – зукколик, зийраклик ва тезкорлик бўлиши кераклигини уқтирарди. Ўрни келганида, содир бўлган ҳолатларнинг ҳар бир жиҳатини таҳлил қилиб, йўл-йўриқ кўрсатишдан эринмасди. Устознинг маслаҳатларига амал қилиб, кам бўлмадим. Бугун ўзим ҳам маёрлар – Фаррух Хушвақтов, Азамат Йўлдошев сингари шогирдларим билан йиллар давомида орттирган тажрибамни бўлишаман. Хизмат сифатининг ошиши ходимларнинг бир-бири­ни қўллаб-қувватлаб, ҳамжиҳатликда фаолият юритишига боғлиқ эканлигини ёшларга тушунтираман. 

– Ушбу кўрик-танлов касбнинг ҳақиқий билимдонлари баҳси бўлди, – дейди қаҳрамонимиз. – Жойларда ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларнинг ҳар бири салоҳияти юқори ходимлар эди. Менга ғолиблик насиб қилганидан хурсандман. Ушбу муваффақиятни Каттақўрғон шаҳар ИИБ шахсий таркибининг ҳамжиҳатликдаги меҳнатлари натижаси деб биламан. Эндиликда ҳам зиммамиздаги вазифаларни бажаришда янги куч-ғайрат билан давом этиб, билдирилган ишончни оқлаймиз. 

 Айтганча, яқинда Ички ишлар вазирлигида ўтказилган «Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи» кўрик-танловининг республика босқичида подполковник Ғулом Исломов фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. 

Касбга садоқати ва ўзига нисбатан талабчанлиги билан танлаган соҳасининг фидойиларидан бирига айланиб улгурган қаҳрамонимиз оиласининг суянчи, фарзандлари Шоҳрухбек, Аброрбек, Шаҳбозбек, Солиҳахонларга меҳрибон ота. У рафиқаси Саодатхон билан фарзанд­ларининг таълим-тарбияси учун доим қайғуради. Халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади», деган мақол бежиз яралмаган. Подполковник Ғулом Исломовнинг оила қўрғонида камолга етаётган фарзандлар худди унингдек, эл юкига елка тутгувчи, юрт корига камарбаста инсонлар бўлиб улғайишига бизнинг ҳам ишончимиз комил.

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА, 

ўз мухбиримиз.

Самарқанд вилояти.