Эл-юрт осойишталиги йўлида ўттиз йилдан буён жонкуярлик қилиб келаётган подполковник Собир Абдушукуровнинг хизмат фаолиятига назар соларканмиз, ёшлар учун улкан тажриба мактаби яралганига шоҳид бўламиз.
Танлаган касбига меҳри баланд бўлган лавҳамиз қаҳрамони ИИВ Академиясини тамомлагач, бир муддат мазкур таълим муассасасида курсантларга сабоқ беради. Сўнгра пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани «Гулистон» маҳалласи профилактика инспектори лавозимида хизматни давом эттириб, аҳолининг ишончи ва ҳурматини қозонади.
Фаолияти давомида ички ишлар органлари жиноят қидирув ва транспортда хавфсизликни таъминлаш хизматининг турли раҳбарлик лавозимларида фидойилик кўрсатган лавҳамиз қаҳрамони кўплаб жиноятларнинг «иссиқ изида» фош этилишига муносиб ҳисса қўшди.
Ҳозирда Тошкент минтақаси темирйўл транспортида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси «Орзу» бекатида хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси бошлиғи лавозимида хизмат қилиб келаётган элпарвар инсон қўл остидаги шахсий таркибга доимо ҳалол-пок бўлишни, эл меҳрини қозониш лозимлигини уқтириб келмоқда.
Намунали оила соҳиби бўлган С.Абдушукуров турмуш ўртоғи Мунира Абдушукурова билан икки ўғил ва бир қизни тарбиялаб келмоқда. Ёшлигидан отасининг касбига ҳавас қилган тўнғич ўғли Сирожиддин Эшпўлатов ҳам ички ишлар органлари ходими. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори лавозимида ғайрат билан фаолият олиб бораётган катта лейтенант пойтахтимиз кўчаларидаги автомобиллар ҳаракатини тартибга солиш билан бирга, улар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олишда ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
– «Ота касб бахт келтиради» дегани рост экан, – дейди Сирожиддин. – Бугунги кунга келиб, хизматдаги қийинчилик ва машаққатлар билан бирга, унинг шарафли ва завқли онларини ҳам дилдан ҳис этиб, соҳамга бўлган меҳрим янада ошиб боряпти.
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
