Эрталаб кўзимни очишим биланоқ белимни бир нарса чангаллаб ушлади. Кучли оғриқ бор эди. Неча йилдирки, шифохонага бормайман. Онда-сонда грипни айтмаса, Худога шукур, отдайман. Ўзи бақувват йигитман-да. Аммо бу сафар нима жин уриб белимни шамоллатиб қўйибман, денг, хотиним дўхтирга боринг, дея жаврайвериб, ахийри, ниятига етди. 

Амаллаб ўрнимдан турдим-да, ишхонага қўнғироқ қилдим, аҳволимни тушунтиргандим, «балничний»га чиқинг, дейишди. Оилавий поликлиникага бордим. Эрталабдан навбат, ноилож, мен ҳам бошқаларга қўшилиб, эшик олдида кута бошладим. Жондан ўца, одам ҳамма нарсага чидаркан. Ярим соат деганда, навбатим келди. Кирдим. Шифокоримга аҳволимни тушунтирдим. У гапларимни ҳазил билди, шекилли, «Бирор ишингизни битириб олмоқчимисиз «балничний»­га чиқиб?» деб сўради. Ҳайрон бўлдим. «Нега ҳайрон бўласиз, кўпчилик «балничний»ни баҳона қилиб, бошқа ишларини қилиб олади-ку». 

«Демак, бошқалар шундай ғирромлик қиларкан, шифокор эса кўзи кўр, қулоғи кар бўлиб, ўша қоғозни тўғирлаб беравераркан-да», деб ўйладим. Аммо шифокор шаъмасининг фаҳмига бормай: 

– Йўқ, ростдан ҳам мазам йўқ. Даволанмоқчиман, – дедим қатъий оҳангда. 

Шифокор аввал айрим таҳлилларни топшириб, буйрак­ларни УЗД аппаратида текширувдан, сўнг невропатолог­га учрашишимни айтди. Унинг тавсияси билангина касаллик таътили учун тиббий карта очишини қистириб ўтди гап орасида. 

Таҳлилларни-ку, осон топширдим, лекин Узддаги навбатимни ярим кун кутдим ўзиям. Эшик олдига сафланиб олган аёлларнинг даҳанаки жангини кўриб, хотиним кўз олдимга келди. Нуқул поликлиникага кетиб, кун бўйи юриб ҳам иши битмаслигининг сабабини тушунгандай бўлдим. 

Навбатимга озгина қолганда тушлик вақти бўлиб қолди. Уйга бориб, тушдан кейин яна қайтдим. Бу ёқда оғриқ авжига оларди. Ахийри, ўша ўлгур аппаратга ҳам тушдим, қоғозимни олиб, невропатолог хонасига ошиқдим. У ерда ҳам нав­бат. Ниҳоят, киришга муяссар бўлдим. Шифокорга муддаоимни айтиб, тиббий картамни қўлига тутқаздим. У гапининг индаллосидаёқ:

– Белингизни МРТ қилдирасиз, кейин касалингизни аниқлаб, дори ёзиб бераман, – деди. – Фақат «Машҳура» ёки «Ўтан полвон»да тушинг. Улар зўр туширади. 

– Шошманг, дўхтир, аввал текшириб кўрмайсизми? Дарров Мртга туш, дейсиз. Балки, сиз айтгандай ваҳимали нарса эмасдир.

– Мен беморнинг хонага қадам босишидан биламан дардини. Кўзларим рентген бўлиб кетган. Ҳа, майли, ётинг-чи.

Шундай дея, дўхтир опа базўр ўрнидан туриб, мени текшириб кўрди-да, ичида «Ҳм, сен гап уқмас ғалчага яхшилаб тушунтириб қўяман ҳали» дедими, барибир билганидан қолмай, ўша гапини қайтарди:

– Айтдим-ку, МРТ қилдирмасангиз бўлмайди деб. Тушиб келинг, кейин ёзаман муолажани. 

Ноилож ўша «Машҳура»га бордим. Эҳ, аксига олиб, шунча пайт ишлаб турган аппарат айнан мен борган куни ишламаётган экан. Оқсоқланганча яна нажот истаб, невропатолог­га бордим. 

– МРТ ишламаяпти экан, эртага тушаман. Фақат менга ҳозирча оғриқ қолдирувчи бирор нима ёзиб беринг, қийналиб кетдим. 

– Йўқ-йўқ, нималар деяпсиз? Сира иложим йўқ. Сиз баҳона қилманг. Нега ишламас экан МРТ. Ишлаяпти. Боринг, Мртга тушмагунингизча сизга муолажа буюролмайман.

Танаси бошқа дард билмас, дегани шу-да. Тавба, наҳот, оғриқ қолдирувчи ёки биринчи ёрдам учун бирор нима буюришнинг иложи бўлмаса-я. Тилимни тийиб тура олмадим:

– Оқ халатни нега кийгансиз, ахир, бирорта уколми, дорими ёзиб беринг. Ё «Машҳура», «Ўтан полвон»дагилар билан шартномангиз борми?

Гапим дўхтирнинг нақ «нуқта»сига тегди-ёв, у бир юмалаб, эртакдаги «яъжуж-маъжужга» айланди-қолди. Асаби бузилиб, бақира кетди. Мен ҳам бўш келмадим. 

Бироздан сўнг бош врач хонасига кирдик. Дўхтир яхшигина бўрттириб, мени ғирт безорига чиқариб таърифлай бошлади. «Мени урмоқчи бўлди» деганида кулгим ҳам қистади. Ўзимни босишга уриндим. У гапини тугатгач, бош врач менга юзланди. Бўлган воқеани рўй-рост айтиб бердим.

Бош шифокор чиндан ҳам бугун хусусий клиникадаги МРТ ускунаси ишламаётгани ҳақида эшитганини айтди. Ҳарҳолда, менинг ёлғон тўқимаётганимга ойдинлик киритилди. Шифокорга менга оғриқ қолдирувчи дори ёзиб беришини буюрди. 

Чиқаётиб, шифокордан қизишиб кетганим учун мендан хафа бўлмаслигини айтиб, узр сўрадим.

Уйга жўнадим. Бироз ўтиб, кеч бўлганда ҳалиги шифокор эрини олиб, ишхонамга жанжал қилиб борибди (Қўрқоқ олдин мушт кўтарар, дегани, шудир). Муддаолари мени ишдан ҳайдатиш экан. Сабаби, мен уни роса дўппослаб урибман ва порахўрликда айблабман... 

Хуллас, поликлиникада кўрган машмашамдан кейин касал бўлиш қанча қимматга тушишини фаҳмладим. Бўлди, энди спорт билан мунтазам шуғулланаман, «балничний-малничний»га сира чиқмайман.

Бемор тилидан оққа кўчирувчи

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА.