Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЖЦБ Кинология бўлими махсус ўргатилган хизмат итлари иштирокида аниқланаётган жиноятлар салмоғи тобора ортиб бормоқда. 

Жорий йилнинг 7 ойи таҳлил қилинганда, хизмат итлари кўмаги билан 181 та жиноят очилишига эришилган. Жумладан, 63 та ҳолатда гиёҳвандлик, 116 та ўғирлик, 1 та босқинчилик ва бошқа турдаги жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган. Ушбу рақамларнинг ўзиёқ хизмат итларидан самарали фойдаланилаётганлигидан далолат беради.

– Мазкур йўналишда хизмат қилаётганимга уч йил тўлди. Хизмат итларининг тайёргарлигини ошириш борасида машғулотлар мунтазам олиб бориляпти. Сабаби, уларнинг доимий шайлиги жуда муҳим. Шу билан бирга соҳа ходимлари ўртасида ўтказилаётган қатор кўрик-танловларда ҳам фаол қатнашиб келяпмиз, – дейди из қидирув гуруҳи командири, катта сержант Алижон Эргашев. 

Бўлимнинг моддий-техник базаси мустаҳкам. Жониворлар учун барча шароитлар яратилган. Ходимларнинг касбий маҳорати, хизмат итларининг из қидирув, гиёҳвандлик ва портловчи моддаларни қидириб топиш йўналишлари бўйича хизмат сифати анча юқори ҳисобланади. Ҳозирда вилоят ички ишлар органлари кинология бўлинмалари тасарруфидаги хизмат итлари сони 50 тани ташкил қилади. 

Яқин дўст ва беминнат ёрдамчи бўлган бу жониворлар жиноятчиликни жиловлашда ички ишлар органлари ходимларига катта ёрдам бериб келмоқда.

Аброр ПОЁНОВ,

ўз мухбиримиз.

Тошкент вилояти.