Қашқадарё вилояти ИИБ ЖХХ ЖЦБ ППХ баталёни ёпиқ ўқ отиш майдонида ички ишлар органларининг шаҳодатланган аёл ва эркак ходимлари ўртасида “Энг яхши мерган” мусобақаси бўлиб ўтди.
Соҳавий хизматлар ва шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари ходимларининг мураккаб вазиятларда қуроллардан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш мақсадида ташкил этилган мусобақада дастлаб қатнашчилар билан жанговар қуроллар ва махсус воситаларни қўллаш, уларнинг техник-тактик хусусиятлари, тўлиқсиз қисмларга ажратиш ҳамда йиғиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Мусобақанинг ходимлар ўртасида ўтказилган баҳсларида Шаҳрисабз тумани ИИБ ходими, маёр Муроджон Маҳкамовга тенг келадиган мерган топилмади. Навбатдаги совринли ўринлар Деҳқонобод тумани ИИБ ходими, лейтенант Шохруҳ Жонтемиров ва Миришкор тумани ИИБ ходими, лейтенант Асқарали Чориевга насиб этди.
Хотин-қизлар ўртасида бўлиб ўтган баҳсларда эса биринчи ўринни Китоб тумани ИИБ ходими, маёр Дилабза Севинова, иккинчи ўринни бошқарма Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари, подполковник Зарина Кенжаэва, учинчи ўринни Қарши шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Мафтуна Шокирова банд этди.
Ғолиблар бошқарма раҳбариятининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Шерзод БЕРДИҚУЛОВ,
капитан.
Қашқадарё вилояти.
