Янги ҳаёт остонасида
Ҳаётнинг паст-у баланд йўлларида муаммолар гирдобидан чиқишнинг бирдан-бир йўли эртанги кунга ишончни йўқотмаслик, ҳаракат, олдинга ва фақат олдинга олға интилишдир. Синовлар олдида эсанкирамай, эртанги кунга умид боғланса бас, хотимаси яхши бўлиши аниқ.
Наманган шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор ходими Ҳаётбек Ҳайитбоев ҳам отасиз, ёлғиз она қўлида тарбия топган бўлса-да, эртанги куни ёруғ бўлишига ишонарди. Болалигидан онаси унинг ички ишлар органи ходими бўлишини ният қиларди. Улкан мақсадлар сари интилишдан чўчимаган Ҳаётбек ИИВ Академиясини 2021-йилда тамомлаб, Наманган шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлимида хизмат фаолиятини бошлади.
Тасодифни қарангки, Ҳаётбек касбидан бахтини топди. Ўзи билан бирга, бир бўлимда ишлайдиган ҳамкасби лейтенант Райҳона Асқаровага кўнгил қўйди. Аслида Райҳонани ҳам ҳаёт аллақачон ўз синовлари билан синаган, шу боис у бувисининг қўлида катта бўлган. Хуллас, синиқ тақдирлари туташган ёшлар аҳд-у паймон қилишди.
Ҳаётбек ва Райҳонанинг висол оқшоми шаҳар марказидаги «Шодиёна» тантаналар мажмуасида бўлиб ўтди. Наманган шаҳар ИИБ бошлиғи, подполковник Умаржон Абдувалиев хайрли ташаббусга бош-қош бўлди. Ўзбекона анъаналарга кўра, ёш келин-куёвга вакил ота бўлди.
Тўкин дастурхон атрофида икки ёшнинг бахти тўкис бўлиши тиланган давра жуда шукуҳли бўлди, бунда одамийлик, меҳр-у оқибат мужассам эди.
Яхшилик, меҳр-у оқибат унутилмайди. Бахтиёр оиланинг соҳиблари Ватан тинчлигини асрашдек масъулиятли касбни танлаганларига шукрона келтиришди. Вилоятимизда яна бир мустаҳкам оила, бир-бирига қўшқанот бўлган ёшлар оиласи бунёд бўлди. Биз бу оилага тинчлик-хотиржамлик ва бахт-у саодат тилаймиз.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,
ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
