Олмалиқ шаҳар ИИБ ҲПБ вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологи, катта лейтенант Омина Зоитова юксак масъулиятни ўз зиммасига олган фидойи ходимлардан бири. Й ҳамкасби – бўлим катта инспектор-психологи, капитан Меҳриддин Раҳматов билан бирга вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида жонбозлик кўрсатаётгани боис юқори натижалар қўлга киритилмоқда. Хусусан, шаҳар ҳудудида ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони сезиларли даражада камайишига эришилмоқда.
Лавҳамиз қаҳрамони фаолиятида мактаблар, ота-оналар ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда тез-тез суҳбатлар, тарбиявий учрашувлар ўтказилиши доимий анъанага айлангани қувонарли ҳол.
– Ўсмир хато қилади, бу табиий. Инспектор-психолог сифатида биз фақатгина назоратчи бўлиб қолмай, ишончли маслаҳатчи, қўллаб-қувватловчи ва тўғри йўл кўрсатувчи бўлишимиз керак. Чунки биз томонимиздан айтилган бир оғиз самимий сўз, ўз вақтида берилган тўғри маслаҳат болаларнинг ҳаётини ижобий томонга ўзгартиради, – дейди у.
Олмалиқ шаҳрининг осойишта кўчаларида, мактаб остоналарида кезиб юрган ҳар бир ўсмирнинг бугуни ва эртаси катта лейтенант Омина Зоитова каби қалбидарё ходимларнинг доимий эътиборида. Бошқача айтганда, келажак бунёдкорлари уларнинг ишончли ҳимоясида.
Абу КЕНЖАЕВ,
фотомухбир.
Тошкент вилояти.
