Фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда тезкорлик ва натижадорликка эришиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида Фарғона вилояти ички ишлар органлари тизимида иккита минтақавий мувофиқлаштириш марказлари фаолияти йўлга қўйилган эди.

Куни кеча биринчи минтақавий ҳудуд минтавақий мувофиқлаштириш маркази биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда бошқарма раҳбарияти, шаҳар-туман ички ишлар бўлими бошлиқлари, фахрийлар иштирок этди. Рамзий лента қирқилгач, иштирокчилар марказда ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

– Бугунги кунда вилоят ички ишлар бошқармаси таркиби ҳудудийлик жиҳатидан иккита минтақага ажратилган бўлиб, иккинчи минтақавий ҳудудда ҳам мана шундай замонавий кўринишдаги марказ барпо этиш режалаштирилган, – дейди вилоят ИИБ бошлиғининг матбуот котиби, каттта лейтенант Исмоилжон Шарипов. – Замон талабига мос равишдаги марказнинг лойиҳа смета ишлари якунига етказилмоқда. Яна бир янгилик – вилоятимизнинг энг олис ҳудуди ҳисобланадиган Сўх туманида ҳам ички ишлар бўлимининг янги биноси қурилиши бошланди.

Бугунги кунда ички ишлар органлари ходимлари юқоридан қуйига қараб ”Маҳаллабай”, ”Оилабай”, ”Фуқаробай” тизимида иш олиб бормоқдалар. Янги марказларнинг фаолият бошлаши эса мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириб, ҳар бир жиноятнинг туб илдизига кириб боришга, уларнинг сабабларини бартараф этишга хизмат қилади.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.