Маҳаллада муҳокама қилинди...

Мазкур жиноят иши Бекобод тумани «Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғинида кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинди. Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолмаслиги, одам савдоси, айниқса ўз боласини сотишгача бориш маънавиятнинг пастлигидан дарак бериши таъкидланди. Келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда тарғибот ишларини олиб бориш, бундай жиноятларга имкон яратиб бераётган шарт-шароитларни аниқлаб, бартараф этиш юзасидан профилактик чора-тадбирлар белгилаб олинди.

... Тошкент вилоятининг Бекобод туманида истиқомат қилувчи Дурдона (воқеа иштирокчиларининг исмлари ўзгартирилди)нинг бахти очилмади. У тенгилар аллақачон оилали, бола-чақали, ҳаётнинг ширин ташвишларига ғарқ бўлиб яшашарди. Дурдона баъзан бахти очилмаганини тақдирга йўйса-да, аммо юрагининг бир четини «Балки, оилам ҳаминқадар бўлгани учун кўпам совчилар келмадимикан?» деган ўй ҳам тирнаб турарди. Ахир, бугунги кунда ўғлини уйлантириш тараддудида юрган айрим оналар бўлғуси келиннинг одоб-ахлоқидан кўра бўлажак қудаларининг касбу кори, топиш-тутиши, уй-жойи билан қизиқаётгани ҳам бор гапку. 

Дурдона ҳалол меҳнат орқали кўп пул топиш, оиласининг моддий аҳволини яхшилаш, ота-онасига ёрдам бериш мақсадида пойтахтга ишлаш учун йўл олади. Аввалига туртиниб-суртиниб ҳали у жойда, ҳали бу жойда ишлаб кўради. Шундай кунларнинг бирида Ботир исмли йигит билан танишиб, у нақд қизнинг юрагидан уради. Икки ёш ўзаро бир-бирига кўнгил қўяди. Иккаласи шаръий никоҳдан ўтади. Орадан вақт ўтиб, меҳр-муҳаббат меваси – полвондек ўғил фарзанд дунёга келди. 

Ботирнинг бинойидек ҳунари бор эди – устачилик қилиб, уйларни таъмирларди. Рашк сабаб бўлдими ёки бошқа нарсами, хуллас, эр-хотин ораларидан оламушук ўтди. Бора-бора тез-тез тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар юзага келадиган бўлди. Ўртадан оқибат кўтарилди. Шундай кунларнинг бирида яна Дурдонанинг кўзи ёриди – ширингина қизалоқ дунёга келди. Лекин эр-хотин ўртасидаги музлик бу билан ҳам эримади. Охири иккиси ажрашишди...

Аслида Дурдона пойтахтга ишлаб пул топиш, оиласининг моддий аҳволини яхшилаш мақсадида келган эди, лекин бир ўғил, бир қиз билан ота уйига – Бекободга йўл олди. Уйдагилар уни яхши кутиб олишди, жажжи болажонларни севиб эркалашди. 

Бироқ бу бахтиёр лаҳзалар узоққа чўзилмади: ўғил фарзанди оғир дардга чалинди. Шифокор-мутахассислар боланинг умрини сақлаб қолиш учун Ҳиндистонга олиб бориб даволатиш кераклигини айтишганида, Дурдонанинг кўзларига дунё қоронғи бўлиб кетди.



Ахир, у ерга бориш учун шунча сармоя қаёқда?

Дурдонанинг тунлари оппоқ тонгларга уланарди: бир зум ҳам мижжа қоқмас, нима қилиб бўлса ҳам фарзандининг ҳаётини сақлаб қолиш йўлларини изларди. Шундай кунларнинг бирида кичкина қизини бағрига босиб, ўғлини уйдагиларига омонат ташлаб, яна пойтахтга ишлаш учун йўл олди. 

Нима иш қиларини билмай қўлида эмизикли бола билан саросар юрганда, Яшнобод туманида яшовчи Барно исмли аёл билан танишиб қолди. Аёлнинг унга раҳми келиб, ўз уйидан жой берди. Дурдона ниҳоят нон сехига ишга жойлашди. Энди у эрталаб барвақт туриб, бағрига боласини босганча энагага чопарди. Кейин оёғини қўлига олиб ишга югурарди. Куни билан ишлаб ҳориган Дурдона кечаси баъзан қаттиқ ухлаб қолганидан боланинг йиғисини ҳам эшитмасди. 

– Аҳволингни тушуниб турибман, ўғлингни даволатиш учун пул керак. Лекин бу болангда нима айб? – деди бир куни Барно. 

– Нима қил дейсиз? Ўзи уйимга ўғлимни ташлаб келганим етади. 

– Биласанми, мени бир танишим бор. У болани сотиб олади. Жуда катта пул эвазига. Сен шу пулларга ўғлингни даволатасан. 

Дурдона пича ўйланиб туриб жавоб қайтарди: 

– Майли, аввал ўзим бир гаплашиб кўрай-чи у билан.

Аслида бу чақалоқ савдосининг дастлабки режаси эди. Дурдона ҳам бу ўйиннинг моҳиятини билиб турса-да, тан олгиси келмасди.

Бир-икки кундан кейин Барнонинг уйини тақиллатиб танишлари Сора ва Тоҳир келишди. Дурдона улар билан кўришди. 

– Қизча қани, уни бир кўрай? – деди Сора ҳаяжон билан. 

– Энаганинг уйида эди, энди олиб келаман, – деди Дурдона бироз қизғаниб.

– Қиз кимнинг фамилиясида? Мен унинг фамилиясини, ҳатто исмини ҳам ўзгартираман. Буни билгач отаси жанжал қилмайдими? – сўради Тоҳир.

– Хавотир олманг, эримнинг бу билан сира иши йўқ. У бизни ташлаб кетган, – деди Дурдона ғазабнок. 

– Эртага болани олиб кетгани келамиз. Энди, нархини келишсак, – деди Тоҳир хижолатомуз.

– Барно опам менга сизларни 5 минг АҚШ доллари беради деганди, ўша гап-гап. 

– Йўқ, 4500 доллар берамиз, – деб гапга аралашди Сора. – Ахир, болани ҳали кўрмаган бўлсак. 

– Айтмоқчи, сиз бола билан кўришиб тураман деган экансиз. Бунақаси кетмайди, кейин тушунмовчиликлар, гап-сўзлар бўлади. Шу боис бу ҳақда аввалданоқ келишиб олайлик. Болани кўрмайсиз, – деди Тоҳир. 

– Майли, кўрамиз. Эртага яна гаплашамиз, – деб Дурдона эшикни шарақлатиб ёпиб, хонадан чиқди. 

Тоҳир билан Сора кетгач, Барно Дурдонани саволга тутди: 

– Ҳа, келишиб олдингларми? 

– Улар менга ёқмади! 5 минг беради дегандингиз, 4500 берамиз деяпти энди. Бунинг устига боламни кўрсатишмасмиш, – деди Дурдона қошларини чимириб. 

– Қизишма! Ўзингни бос! Ундан кўра, яхши гап билан сўзингни ўтказишни бил! Қани, қўл телефонимни узатиб юбор-чи менга.

Барно Тоҳирнинг рақамларини териб, у билан гаплашади: «Ассалому алайкум! Ҳа, менман. Яхшимисиз? Безовта қилмадимми? Эшитдим, эшитдим ҳаммасини. Йўқ, ўша келишувимиз бўйича 5 минг АҚШ доллари бераверинг. Кейин, болани кўриб турсин, йўқ деманг. Хоп, хоп, тушунарли. Раҳмат сизга».

– Ана, кўрдингми? Яхши муомала қилсанг, рози бўлади-қолади. Гаплашишни билмагансан-да. Майли, шундай қилиб ўрганасан. Хуллас, эртага болани ва унинг ҳужжатлатларини олиб, «Маржон» кафесига борамиз. Иш ўша ерда ҳал бўлади. 

Улар эртаси куни келишилган жойда учрашишди. 

– Дурдона, яна бир марта сўраяпман, эртага мен унинг исмини, фамилиясини ўзгартирсам, муаммо бўлмайдими? – деди Тоҳир.

– Йўқ, ҳеч қандай муаммо бўлмайди, кўнглингиз хотиржам бўлаверсин. 

Дурдона келишилган пулни олиб, энди кетишга чоғланган пайти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари томонидан қўлга олинди...

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Дурдонани Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддасининг 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади...

Фарзандфурушлиги учун темир панжаралар ортига маҳкум этилган аёл йиллар ўтиб, фарзандлари вояга етиб, бу «савдолар» ҳақида сўраб қолса, уларнинг саволларига жавоб беришга Дурдонанинг кучи етармикин, виждони, юзи чидармикин? Ахир, оналар жар ёқасида ҳам, ўлим тўшагида ҳам сўнгги нафасигача болам деб яшайдиган зот эмасми?

Бувиларимиз қирғинбарот уруш йилларида, очарчилик, қаҳатчилик даврларида одамлар бор-будини соца ҳам, ҳеч ким боласининг бешигини сотмаганлигини ҳар гал сўзлаб беришарди. Аммо бугун-чи, бугун? Бешик тугул, ўз боласини сотаётганларни кўриб «Тавба!» деб ёқа ушлайсиз. 

Яна бир мулоҳаза. Қизини эмизикли боласи билан ишлашга бегона шаҳарга юборишга ота-онасининг қандай кўзи қийди. Янги туғилган чақалоқ ҳақида унинг яшаш манзилидаги оилавий поликлиника шифокорлари хабардор бўлиши керак. Наҳотки, бириктирилган шифокор боладан хабар олмаган? 

Юқорида келтирилган воқеа баёни Дурдона сингари аёлларимиз, қизларимизга сабоқ бўлса, шояд...  


Шерзод ЭШМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди судяси.

Адолат ФАЙЗИЕВА,

«Постда» мухбири.