Мен Янгиқўрғон туманида туғилганман. Ота-онам ўқувчилик йилларимда чуқур билим олишим учун барча шарт-шароитларни яратиб беришди. Мактабни тамомлагач, Наманган муҳандислик институтида таҳсил олдим. 2017-йилда ички ишлар органларида хизмат фаолиятимни бошладим. 

Мазкур соҳа кишидан матонат, сабр-тоқат, фидойиликни талаб этади. Эл-юрт тинчлиги, осойишталигидан-да азизроқ неъмат йўқ бу ёруғ оламда. Сабаби, тинч-осойишта мамлакатда тараққиёт бўлади, одамлар хотиржам ишлашади, ўқишади, ўз олдиларига улкан мақсадлар қўйишади, юксак орзулар сари дадил қадам ташлашади.

Туманимиздаги 68 та маҳаллада 241 мингдан ортиқроқ аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудларга айлантириш йўлида ички ишлар органлари ходимлари тун-у кун хизмат олиб боришмоқда. Эл уйқуга чўмган пайтда оромидан кечиб, ўз вазифаларини сидқидилдан, ҳушёрлик билан бажараётган ҳамкасбларимга қараб, қалбим фахр туйғусига тўлади. Айниқса, байрам кунлари халқ сайиллари, кўнгилочар тадбирларга шошаётган юртдошларимнинг юз-кўзларида порлаган қувончни кўрсам, яйраб кетаман. Кўнглимдан «Мустақиллигимиз абадий бўлсин, юртимизга кўз тегмасин» деган эзгу тилак кечади.

Хизмат фаолиятим давомида маҳаллаларда хизмат қилаётган ҳудудий профилактика инспекторларига маъмурий амалиёт йўналишида, ҳужжатлар юритишда яқиндан кўмак бериб келмоқдаман. Яқинда сафимизга 2 нафар ИИВ Академияси битирувчиси келиб қўшилди. Уларни тажрибали ходимларга бириктирдик. Соҳада устоз-шогирд анъаналарини шу тарзда давом эттираётганимиз ўз самарасини бермоқда.

Асилбек ҚАМБАРОВ,

Янгиқўрғон тумани ИИБ ЖХХ 

ҲПБ катта инспектори, 

катта лейтенант.