Фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг бой ҳаётий ҳамда амалий тажрибаларидан унумли фойдаланиш, ёш авлодни Ватанга ва бурчга садоқат руҳида тарбиялашдаги нуфузини ошириш мақсадида вилоят ички ишлар органлари фахрийлари ўртасида “Йилнинг энг фаол фахрий ходими” кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш босқичи ўтказилди. Танловда туман-шаҳар ички ишлар бўлимларидан фахрийлар иштирок этишди.

Ушбу кўрик-танловда фахрийлар йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан фотолавҳалар ҳамда “Устоз-шогирд” анъанаси, Фахрийлар мактаби, ёшларга оид давлат сиёсати, давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим масалалар бўйича амалга оширган ишларини ҳайъат аъзоларига тақдим этишди. Шунингдек, ижтимоий-сиёсий мавзудаги савол-жавоб шартлари ҳамда шахмат бўйича беллашдилар.

Кўрик-танлов якунига кўра, Когон шаҳар ИИБ фахрийси, истеъфодаги маёр Қаҳрамон Ғуломов 3-ўринни ва Шофиркон тумани ИИБ фахрийси, истеъфодаги старшина Муртазо Латипов 2-ўринни эгаллашди. Жондор тумани ИИБ фахрийси, истеъфодаги капитан Маҳрам Маҳмудов 1-ўринга лойиқ кўрилди ва у танловнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

  Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Файзулло БИБУТОВ, 

истеъфодаги подполковник.

Бухоро вилояти.