Эътиборлиси шундаки, 2023-йил давомида кўмакчилар иштирокида 125 та жиноят «иссиқ изида» фош этилди, 13 нафар қидирувдаги жиноятчи аниқланиб, ушланди. Ёш ходимларни касбга садоқат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ўтган йили бошқарма раҳбарияти яна бир ташаббусни илгари сурди. Ўзи яшайдиган маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлган 560 нафар фахрий янги иш бошлаган ёш мутахассисларга соҳалари бўйича устоз-мураббий сифатида бириктирилди.

Бундан ташқари, профилактик ҳисобга олинган 502 нафар вояга етмаганга ўзлари яшайдиган маҳаллада яшовчи ички ишлар органлари фахрийларидан тарбиячилар тайинланди. Ҳозирда фахрийлар профилактика инспектори ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда тарбияси оғир ҳар бир бола билан индивидуал иш олиб бориб, уларни жиноят кўчасидан қайтаришга ўгит ва маслаҳатлари билан амалий ёрдам беришмоқда. Бу ташаббус ҳам ижобий натижа бериб, вояга етмаганлар орасидаги салбий ҳолатлар камайишига эришилди.

Шу ўринда яна бир ижобий тажриба хусусида тўхталсак. Вилоят ҳудудида 1150 та маҳалла мавжуд бўлиб, 2022-йил якунига кўра, улардан 409 таси «қизил» ҳудудга киритилган эди. Ушбу маҳаллаларда криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида фахрийлардан маҳалла раисларига маслаҳатчи, профилактика инспекторларига устоз-мураббийлар бириктирилди. Бу саъй-ҳаракат ҳам амалиётда ўзини оқлади ва 2023-йил якуни бўйича «қизил» ҳудуддаги маҳаллаларнинг 164 таси «яшил» ҳудудга ўтди.

Лейтенант Жасурбек Муқимжонов ИИВ Академиясини тамомлаб, соҳада хизмат бошлаганига эндигина 3 йил бўлди. Айни пайтда Фарғона шаҳридаги Абдулла Қодирий номли маҳаллага хизмат кўрсатувчи ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори. Ёш ходим хизматни тўғри ташкил этиш ва жиноятчиликни жиловлашда фахрийлар маслаҳатига қулоқ тутиб кам бўлгани йўқ.

– Шу ҳудудда истиқомат қилувчи ички ишлар органлари фахрийлари, истеъфодаги катта лейтенант Бойўғлон Гусаинов ҳамда истеъфодаги капитан Абдупатто Маматовлар ҳуқуқ-тартибот масканимизга тез-тез келиб, мураббий сифатида ўз тажрибаларини ўргатиб бормоқда, – дейди у. – Бундан ташқари, шаҳар ИИОФМБ бошлиғининг маслаҳатчиси, истеъфодаги подполковник Таваккалжон Раҳматуллаев ҳамда Фахрийлар кенгаши аъзолари биргаликда жиноятчиликни жиловлашда биз — ёшларга кўмак беришяпти. Фахрийларнинг йўл-йўриғи ва амалий ёрдами билан мен хизмат олиб бораётган маҳалла 2023-йил якунига кўра, «қизил» тоифадан «сариқ» ҳудудга ўтди. Жорий йилда эса жиноятчиликни бутунлай жиловлаб, маҳаллани «яшил» ҳудудга айлантириш ниятида иш олиб боряпмиз.

Шаҳарнинг «Зарбдор» маҳалласи эса 2023-йил якуни бўйича «сариқ»дан «яшил» тоифага ўтди, яъни жиноятчилик умуман қайд этилмади. Бунинг энг асосий сабаби маҳаллага ички ишлар органларида 30 йил хизмат қилган истеъфодаги подполковник Муқимжон Аҳмедовнинг раис этиб сайланганидир.

Профилактика инспекторимиз – лейтенант Озодбек Турдихўжаев олий ўқув юртини тамомлаб, соҳада хизматни бошлаганига эндигина бир йил бўлди, – дейди тажрибали раис. – Унинг ёш ходим эканлигини ҳисобга олиб, устоз сифатида билмаганларини ўргатяпман. Жиноятчиликнинг олдини олишда энг мақбул йўл бу профилактика ҳисобланади. Шу боис ҳар куни инспектор билан бирга кўчаларни айланиб, «хонадонбай» ва «фуқаробай» ўрганишлар олиб борамиз. Ана шу усулда ишлаб, маҳалламизни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантирдик.

Шаҳарнинг «Беглар» маҳалласида яшовчи истеъфодаги подполковник Улуғбек Баратов ҳам ўзи яшайдиган маҳалла профилактика инспектори, лейтенант Достон Рустамов билан «устоз-шогирд» анъанаси асосида намунали ишларни олиб бораётир. Истеъфодаги подполковниклар Азамжон Муротов, Иброҳим Холиқов, Абдуқаюм Кенжаев, истеъфодаги маёр Ўрмонжон Қодиров, истеъфодаги катта сержант Шермат Бўстонов каби фидойи фахрийлар ҳам мураббий сифатида ёш ходимларни касбга садоқат руҳида тарбиялашга камарбаста бўлишмоқда. 

Яна бир эътиборли мисол: фарғоналик ички ишлар органлари фахрийларидан 3 нафари шаҳар-туман ҳокими ўринбосари лавозимида иш олиб бораётган бўлса, 119 нафар фахрий маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайланган. 

Мухтасар айтганда, фахрийларнинг ёш ходимларга мураббий сифатида бириктирилиши уларнинг малака ва тажрибасини мустаҳкамлашда, касб маҳоратини оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, устозлар тажрибаси ва шогирдлар шижоати уйғунлашгани жиноятчиликни жиловлашда жуда қўл келяпти.


Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.