Қўшкўпир тумандаги “Ўрта қишлоқ” маҳалласида яшовчи К. Ҳалима қайнонаси Т. Рўзигулни арзимаган келишмовчиликлар сабаб мунтазам равишда ҳақоратлаб, дўппослаб келган. Фарзандининг оиласи бузилиб кетишини ўйлаган қайинона бу ситамларга чидаб, бўлган воқеаларни ўғлига айтмасди. Бу можародан хабар топган туман ИИБ ҲПБ хотин-қизлар билан ишлаш бўйича катта инспектори, маёр Гулноз Ғуломова оиладаги муҳитни ўрганиш мақсадида ўша хонадонга боради. Буни қарангки, келин шу пайтда хонадон эшикларини ичкаридан қулфлаб, қайинонасини уриб, тан жароҳати етказгани маълум бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан К.Ҳалимага нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилди ва Т. Рўзигулга “Ҳимоя ордери” топширилди.
Лавҳамиз қахрамони, маёр Гулноз Ғуломова маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими ходимлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда, муассасаларда, корхона-ташкилотларда хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш бўйича самарали ишларни амалга оширмоқда. Шунингдек, маҳаллалар кесимидаги ўрганишлар жараёнида хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, касб-ҳунарга йўналтириш, имтиёзли банк кредити ажратилишида ҳам амалий ёрдам бераяпти. Қахрамонимизнинг бундай саъй-ҳаракатлари туфайли шу йилнинг ўтган даври мобайнида 29 нафар хотин-қиз ўз мутахассисликлари бўйича доимий иш ўрнига эга бўлишди. Энг муҳими, туман худудида аёллар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар кескин камайиб, уларнинг ҳуқуқий ҳимояси тўла таъминланмоқда.
Маёр Гулноз Ғуломова 1983 йилда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида туғилган. 2005 йил ИИВ академиясини тамомлаб, оилавий шароити туфайли Хоразм вилоятининг Қўшкўпир тумани ИИБ ҲООБ ВЕЎН ва ҲПГ инспектори лавозимида хизмат фаолиятини бошлаган. 2019 йилдан буён Қўшкўпир тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар билан ишлаш бўйича катта инспектори вазифасида хизмат қилмоқда. Юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашдаги фидойи хизмати учун Иивнинг “Фахрий ёрлиғи”, “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган. Яқинда маёр Гулноз Ғуломова Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар жамоатчилик Кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган “Йил аёли” миллий танловнинг вилоят босқичида ғолиб чиқиб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Чуқур билим ва бой ҳаётий тажрибага эга бўлган лавҳамиз қахрамонига бу кўрик-танловда омад тилаймиз.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбири.
Хоразм вилояти.
