Бир касб эгаларининг кеча-ю кундуз бирга бўлиши осон эмас, дейишади. Гўёки уларнинг бир соҳада ишлаши оилавий ҳаётда муаммоларни юзага келтирармиш. Аммо Жалақудуқ тумани ИИБ ходимлари Дилхумор ва Авазбек бундай фикрда эмас. Улар бу тушунчани осонгина йўққа чиқариб, умумий иш чинакам оилавий бахт кафолати эканини амалда исботлашди.
Дилхумор Пазилова мана 14 йилдирки, туман ИИБ канселярияси бошлиғи лавозимида хизмат қилиб келмоқда.
Умр йўлдошини ҳам шу ерда учратди. Ҳайдовчи, сафдор ходим Авазбек Мирзаназаров билан 2012-йилда турмуш қурди. Бугун уларнинг оиласида икки нафар фарзанд вояга етмоқда. Ўғли Азизбек бешинчи синфда ўқийди, яқинда олти ёшга тўлган қизи Мафтунахон эса мактабгача таълим муассасасига қатнайди.
Бу касбга кириб келиш иккиси учун ҳам тасодифий бўлган. Чунки ҳикоямиз қаҳрамонларининг оиласида ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар бўлмаган. Лекин ҳар бирининг ҳаётида бу танлов аҳамиятли бўлди.
Шубҳасиз, ходимларнинг оилалари жуда мустаҳкам бўлади. Ахир, ишдаги кечикишлар, навбатчилик ва хизматдаги бошқа қийинчиликларни энг яхши тушунадиган инсон хизматдошдир. Шунинг учун бир соҳада ишлаш оилани янада мустаҳкамлайди, барча эҳтимолий тушунмовчиликларни бартараф этишга ёрдам беради.
Ушбу оиланинг бахт омили оддий: ҳамма ишни меҳр-муҳаббат билан бажариш.
Осойишталик посбонларининг айтишича, улар тақдирдан, тўғрироғи, иккисини бир-бирига боғлаб турган хизматдан миннатдор. Ким билади дейсиз, балки уларнинг фарзандлари ота-онасининг эзгу анъаналарини давом эттириб, ички ишлар органларида хизмат қилиш йўлини танлар.
Борис КЛЕЙМАН,
ўз мухбиримиз.
