Кун қаҳрамони
Капитан Сардорбек Назаров 1989 йилда Наманган вилояти Наманган шаҳрида туғилган. 2013 йилда Наманган давлат университетини тамомлаган.
Илк хизмат фаолиятини Наманган вилояти ИИБ Наманган шаҳар қўриқлаш бўлими милиционер-сафдор ходими лавозимида бошлаган. 2016-2020 йилларда Наманган шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимида профилактика инспектори лавозимида хизмат қилган. Айни пайтда, Давлатобод тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи 44-сонли ички ишлар органи таянч пункти профилактика инспектори.
Капитан С. Назаровга у хизмат олиб бораётган «Тўқимачи» маҳалласи ҳудуди тинчлик-осойишталигини таъминлашда маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва маслаҳатчилари, ёши улуғ, бой ҳаёт тажрибасига эга фаоллар доимо камарбаста. Жамоатчилик вакиллари билан олиб борилаётган ҳамкорлик жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлаётир.
У масъулиятли, ташаббускор ва ташкилотчи ходим сифатида аҳолининг ҳурматини қозонган. Фуқаролар ҳар доим унга зарур ҳуқуқий масалалар бўйича мурожаат қилади. Ўз касбига меҳр қўйган профилактика инспектори кимгадир фойдаси тегаётганидан қалбида фахр ҳиссини туяди. Халқ ишончи унга доимо ғайрат-шижоат бағишлайди.
У ҳудудда жорий йил бошидан буён 150 га яқин маъмурий ҳуқубузарлик ҳолатларини аниқлаб, тегишли баёномалар расмийлаштирди. Бундан ташқари, 60 га яқин фуқаронинг мурожаатини ўрганиб, уларнинг ижобий ҳал этилишига ўз ҳиссасини қўшди. Шунингдек, ўқув муассасаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларида фаол иштирок этиб келяпти. Фидойилик билан қилинган хизмат элда доимо қадр топади. Капитан С.Назаров ҳам ички ишлар органларидаги намунали хизмати учун вилоят ИИБ томонидан бир неча бор рағбатлантирилган.
Зиммасидаги вазифаларни виждонан бажариб келаётган капитан Сардорбек Назаров осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида олиб бораётган ишларини оммавий ахборот воситаларида ёритиб келаётгани алоҳида таҳсинга лойиқ.
Феруза ОТАХОНОВА,
«Постда» мухбири.
