5 май — “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва “Олтин юлдуз” медали, “Мустақиллик”, “Дўстлик” орденлари ҳамда “Жасорат”, “Шуҳрат” медаллари таъсис этилган кун.
“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони олий даражадаги мукофот бўлиб, мамлакатимиз фуқароларига давлат ва халқ олдидаги қаҳрамонона жасорат кўрсатиш билан боғлиқ хизматлари учун берилади. Айрим ҳолларда бу унвон юртимиз фуқароси бўлмаган шахсларга ҳам берилиши мумкин. “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган шахсга “Олтин юлдуз” медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат тантанали вазиятда топширилади.
Ота-боболаримизнинг асрий орзу-умидлари — истиқлолимиз халқимизнинг улкан тарихий ютуғидир. Шу боис давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири “Мустақиллик” номи билан аталишида катта рамзий маъно бор. Мазкур орден билан мустақил ҳуқуқий давлат барпо этиш ва уни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда тинчлик ҳамда тараққиётни таъминлашга улкан ҳисса қўшган ҳамюртларимиз, шунингдек, Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар тақдирланади.
“Дўстлик” ордени Ўзбекистондаги барча миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлашда катта ютуқларга эришган, халқимизнинг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган фуқароларни мукофотлаш мақсадида таъсис этилган. Қонунда мазкур орден билан республикамиз фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкинлиги белгиланган.
Мамлакатимиз тинчлиги эзгу орзу-ниятларимиз рўёбининг муҳим кафолатидир. Шу маънода, она-юртимиз осойишталигини, халқимизнинг хотиржам ҳаётини таъминлаш миллий армиямиз ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари зиммасига катта масъулият юклайди. Бу йўлда мардлик ва жасорат кўрсатган инсонларнинг хизматлари ҳам муносиб эътироф этилаяпти. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашда, ҳарбий ёки хизмат бурчини адо этиш вақтида кўрсатган мардлик ҳамда жасорати учун кўплаб юртдошларимиз “Жасорат” медали билан тақдирлангани бунинг ёрқин ифодасидир.
“Шуҳрат” медали билан мамлакатимиз иқтисодиёти, фани ва маданиятини ривожлантиришга, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга ўзининг ҳалол меҳнати билан катта ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз тақдирланади.
