Бахтиёр Бобомуродов асли сайхунободлик. У ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 1988-йили туман ИИБ Қўриқлаш бўлимида бошлаб, уч йил давомида тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари биноларини қўриқлашда, ўғрилик, талон-торожликнинг олдини олишда жонбозлик кўрсатади. 

ИИВ Академиясини тамомлагандан сўнг лавҳамиз қаҳрамони Сирдарё тумани ИИБ Тергов бўлинмаси терговчиси этиб та­йинланади. Бироз вақт ўтгач эса, Сайхунобод тумани Иибга терговчи сифатида ишга ўтказилади. Унга катта терговчи, маёр Юсуф Қудратов, вилоят ИИБ Тергов бош­қармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Саидмаҳмуд Хўжаназаров устозлик қилади. 

У қарийб 15 йил давомида Сайхунобод туманида фаолият кўрсатиб, ҳудуднинг яхши-ёмонини, паст-баландини обдан билиб олди. Хизмат бурчига садоқатлилиги, фидойилиги билан ўзини ҳар томонлама кўрсатди. 

2005-йили «Нурли» маҳалласидаги бир хонадондан 5 бош қорамол, 10 та қўй ўғирланади. Жиноятни очишда дастлаб мушкуллик туғилади. Йўқолишидан бир кун олдин бир неча киши келиб, молларни савдо қилиб кетгани учун барча гумон шу томонга қаратилади. Тергов ишлари тобора кенгайиб, молбозорга кўчади. Ва ниҳоят, ўғирланган бешта қорамол ва битта қўйнинг изи чиқади. Бунда Бахтиёр Бобомуродовнинг изланишлари алоҳида иш беради. Моллар қўшни тумандан топилади. Уларни муқаддам судланган шахс ўғирлагани тўлиқ исботини топади. 

Бахтиёр Бобомуродов 2010–2012-йилларда Гулистон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, бўлинма бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатди. 

– Хизмат фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, ҳалол ишлаган, фидойилик билан хизмат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди, – дейди фахрий. – Хусусан, бизнинг соҳада. Шу боис ёш ходимлар билан учрашувларда айни шу жиҳатни қайта-қайта таъкидлайман.

Бахтиёр ака кўп йиллик хизмат фаолияти давомида ўнлаб шогирдларни тарбия­лади. Улар орасида Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ўта муҳим ишлари бўйича терговчиси, подполковник Жасур Мелиэв ва Жиззах вилоя­ти ИИБ ҳузуридаги Тергов бош­қармаси бошлиғи, подполковник Азизбек Ҳабибуллаэвни алоҳида фахр билан тилга олади. 2016 йилда иззат-икром билан пенсияга кузатилган, 60 ёшни қаршилаётган истеъфодаги подполковник Бахтиёр Бобомуродов ҳозирда Сайхунобод тумани ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси сифатида ёш ходимларни Ватанга муҳаббат, касбга садоқат руҳида тарбиялаш ишларида фаол иштирок этмоқда. У бахтли оила соҳиби ҳам. Тўрт нафар фарзандининг барчаси олий маълумотли, турли соҳаларда муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. 

Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ, 

ўз мухбиримиз.

Сирдарё вилояти.