Ҳар куни эрта тонгдан бошлаб шифокорлар беморларни қабул қилади, тиббий кўриклар ўтказади, зарур муолажалар белгилайди. Йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида 1026 нафар ходим ва уларнинг оила аъзоларига госпитал ҳамда санаторийларда соғлиғини тиклаш учун йўл­ланмалар берилди. Бу, ўз навбатида, инсон саломатлигига эътибор, ҳурмат ва ғамхўрликнинг амалий кўрини­шидир.

– Ходимлар соғ­лиғини муҳофаза қи­лиш, улар­нинг хизмат қобилиятини сақлаш ва юқори руҳий ҳолатини таъминлаш, – дейди тиббиёт бўлими бошлиғи, маёр Равшанбек Обидов. – Шу мақсадда ҳар ойда шаҳар ва туман ички ишлар бўлимларида тиббий кўриклар ташкил эта­миз. Биз ҳар бир ходимга соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва стресс ҳолатларини енгиш бўйича маслаҳатлар берамиз. Чунки касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш муҳимдир.

Муроджон Сотволдиев, Раънохон Нурматова, 

Илҳомжон Умаров, Маҳфузахон Сотволдиева, Ирода­хон Назарова каби шифокор ва ҳамширалар ҳамкасб­ларига ибрат бўлмоқда. Улар инсон саломатлигини тиклашдаги эзгу хизматлари, юксак касбий маҳорати ва илиқ муносабатлари билан кўпчиликнинг миннатдорлигига сабаб бўлмоқда.

– Тиббиёт ходимларига ҳар қанча раҳмат айцак озлик қилади, – дейди истеъфодаги катта сержант Иқболиддин Ҳамроев. – Сабаби, улар саломатлигимиз ҳақида биздан кўпроқ қай­ғуришади. Ўз вақтида тиббий кўрикка чақириб, керакли маслаҳатларни бери­шади. Госпитал ва санаторияларга йўлланмалар беришиб, саломатлигимизга бефарқ бўлмасликка чақи­ришади. 

Поликлиникада барча замонавий шароитлар яратилган. Тиббиёт ходим­лари жуда хушмуомала, мулоқот қилиш маданияти юқори. Мен ҳар йили бир марта санаторийга йўлланма олиб, дам оламан, даволаниб келаман. Бу нафақат соғлиғимни тиклаш, балки эътибор ва ғамхўрликни ҳис қилиш демакдир.

Дарҳақиқат, бугун Тиббиёт бўлими фаолияти нафақат соғлиқни таъминлаш, балки инсонларга бўлган меҳрни, бурчга садоқат­ни, Ватанга муҳаббатни ҳам намоён этади. Улар ҳар бир ходимнинг соғлиғи орқали жамият тинчлиги ва хавфсизлигини қўллаб-қувватлаётган саломатлигимиз посбонларидир.

Саминжон 

ҲУСАНЗОДА,

ўз мухбиримиз. 

Андижон вилояти.