Бир марта жиноят содир этгани учун жазоланган Зилола (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг кўзи очилмади. Иккинчи марта у Жарқўрғон тумани «Меҳнат-роҳат» маҳалласида яшовчи Ю.Сафаровга унинг бўлажак турмуш ўртоғини Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади. Бунинг эвазига “танишлари”га 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида бериши кераклигини айтади. Зилола ушбу пулларни олиб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Бу ҳам етмагандек, Ю.Сафаровнинг бошқа қариндошини ҳам шу олий ўқув юртига ўқишга киритишга ишонтириб, яна 2000 АҚШ долларини ундиради. Зилола яна 7 кишини ана шундай фирибгарлик йўли билан алдаб, чув туширади.
Охирги марта Термиз шаҳар «Бўстон» маҳалласида яшовчи Б.Каримовга шаҳар ҳудудида қурилаётган янги кўп қаватли уйлардан субсидия асосида уй олиб беришни ваъда қилиб, 1900 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинди.
Фирибгарлик йўли билан одамларни алдаб, бойишни мақсад қилган Зилоланинг қилмишларига қонунан чора кўрилди.
Аваз РАҲИМОВ.
Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги
Тергов бошқармаси
ЎМИБ терговчиси, маёр.
