Қиш фасли кириб келиши билан фуқароларнинг ис газидан заҳарланиш ҳолатлари афсуски бирмунча ошади. Аксарият ҳолларда фожиа билан якун топадиган бундай нохуш ҳодисалар кишини жиддий хавотирга солади.          

Жорий йилнинг 13-декабр куни тунги соат 4:38ларда Урганч шаҳар 4-даҳа 17/2-уйда яшовчи Соҳиба Ёмитбоэва шаҳар ИИОФМБ ҲПБ профилактика инспекторига қўнғироқ қилиб, ўзи яшаётган уйнинг пастки қаватида аёл кишининг ёрдам сўраб қичқирган овозини эшитганини айтади. Ҳудуд профилактика инспекторлари, маёр Мансурбек Мадраҳимов ҳамда капитан Темурбек Саидов зудлик билан айтилган манзилга етиб боришади ва хонадон эшиги қўнғироғини босишади. Аммо ичкаридан ҳеч кимнинг овози эшитилмайди. Вазиятнинг жиддийлигини ҳис қилган профилактика инспекторлари тезда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармасига хабар беришади. Зудлик билан манзилга етиб келган қутқарувчилар бир зумда хонадон эшигини очишади. 

Соҳавий хизмат ходимлари ичкарига киришганида икки нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб, беҳуш ҳолатда ётганини кўришади ва уларга зудлик билан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишади. Амалга оширилган тезкор саъй-ҳаракатлар натижасида фуқароларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Суриштирувлар давомида ушбу фуқаролар Урганч давлат университети талабалари эканлиги маълум бўлди.

Фуқаролар ҳаётини сақлаб қолишдаги фидойилиги учун Соҳиба Ёмитбоэва ҳамда профилактика инспекторлари, маёр Мансурбек Мадраҳимов ва капитан Темурбек Саидовлар вилоят ИИБ ҳамда Урганч давлат университети раҳбарияти томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.